Марказда тартибга солиш “қумдони” доирасида янги ечимларни синовдан ўтказиш, иш ҳақини хорижий валютада тўлаш, халқаро меҳнат стандартларини жорий қилиш, шахсга доир маълумотларни халқаро стандартлар ва булутли технологиялар асосида қайта ишлаш мумкин бўлади.
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, инвестициялар, стартаплар ва экспорт учун қулай шароитлар яратилади. Божхона ва солиқ бўйича енгилликлар берилади.
Сунъий интеллект технологиялари, рақамли трансформация, тадқиқот ва ишланмалар, сертификатлаштириш, стартаплар ҳамда маълумотлар марказлари ушбу марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда.
Тақдимотда 2030 йилгача мазкур марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан зиёд иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига чиқиш мақсади белгилангани айтилди. Бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар ушбу ташаббусга қизиқиш билдиргани қайд этилди.











