Жаҳон | 14:36 / 02.08.2021
8423
2 дақиқада ўқилади

Республикачилар COVID лабораторияда пайдо бўлгани тўғрисида далиллар борлигини маълум қилди

Майкл Макколнинг таъкидлашича, «барча йўллар Уҳан вирусология институтига олиб боради».

Коронавирус пандемиясига сабаб бўлган SARS-CoV-2 вируси Уҳан вирусология институтидан «сизиб чиққан». Бу ҳақда вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси аъзоси республикачи Майкл Макколнинг ҳисоботида айтилмоқда, деб ёзади The Hill.

Макколнинг таъкидлашича, «рад этиб бўлмас далиллар барча йўллар Уҳан вирусология институтига олиб боришини кўрсатмоқда».

Ҳисоботда айтилишича, Уҳандаги институт олимлари америкалик экспертлар ёрдами ҳамда Хитой ва АҚШ ҳукуматларининг молиявий қўллаб-қувватлаши остида коронавирусларни модификация қилиш устида иш олиб борган, деб ёзади Reuters.

Хусусан, мутахассислар вируснинг «таъсирчанлик даражаси»ни ошириш ва самарали профилактика чоралари йўналишида тажрибалар ўтказган.

Маккол Уҳандаги лабораторияда ишлаган олимлар ва Хитой компартияси амалдорларига қарши санкциялар киритишга чақирган.

Республикачи шунингдек, америкалик олим, ЖССТ Хитойга коронавирус пайдо бўлишини ўрганиш учун жўнатган халқаро экспертлар гуруҳи аъзоси Питер Дасзакни судга чақиришни сўраган. The Hill нашрининг ёзишича, у Уҳан лабораторияси билан алоқадорлиги учун танқид қилинган.

2021 йил бошида ЖССТ халқаро экспертлар гуруҳи Уҳандаги ўрганишлар бўйича ҳисоботини тақдим этганди. Мутахассислар SARS-CoV-2 вируси пайдо бўлиши бўйича тўртта тахминни илгари сурган. Улар коронавирус инсонга кўршапалак орқали юққан деган тахминни ишончлироқ деб ҳисоблаган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид