Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, БМТ бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этди.

«Марказий Осиё улкан геостратегик ва геоиқтисодий аҳамиятга эга минтақа. Бу ерда 74 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг тарихи ва маданияти, мамлакатларимизнинг иқтисодиёти ва инфратузилмаси боғланиб кетган.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек, минтақа мамлакатлари олдида умумий саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдек бош мақсад турибди. Бу мақсадга эришиш, минтақа салоҳиятини тўла юзага чиқариш, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

Бу ҳаётий ташаббус қардош халқларимизнинг манфаатларига мос бўлгани учун кенг қўллаб-қувватланди ва тезда амалга ошди. Биринчи саммит 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида, иккинчиси эса 2019 йил ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Авазада ташкил этилган навбатдаги учрашув ҳам ғоят муҳим ва мазмунли бўлди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун минтақа яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётганини таъкидлади.

«Бу ерда янги сиёсий муҳитни шакллантиришда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларининг ўрни беқиёс. Олий даражадаги мунтазам учрашувларимиз минтақанинг бетакрор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

 Давлат раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтайи назарини баён этиб, қатор таклифларни илгари сурди.

Бугунги воқелик Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамларни тақозо этаётгани таъкидланди. Янги ўсиш нуқталарини, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган янги ривожланиш «драйвер»ларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.