Kun.uz ўзининг «Business Class» рукни орқали Ўзбекистондаги муваффақиятли бизнес эгалари билан туркум суҳбат ва интервьюлар уюштириб келмоқда. Бу орқали ёш тадбиркорлар ва соҳа остонасида турган ёшларга тажриба улашиш, йирик тадбиркорларнинг хато ва муваффақиятларини таҳлил қилиш мақсад қилинган.

Қуйида сиз Office Market, Deli ва Decos каби бизнес эгалари – ака-ука Мамасаидовларнинг каттаси Ҳасан Мамасаидов билан уюштирилган интервьюнинг биринчи қисми билан танишишингиз мумкин.

Ака-ука Мамасаидовлар ким ўзи, бизнес тренерми ёки тадбиркор?

Ака-ука Мамасаидовларнинг каттаси – Ҳасан Мамасаидовга берган биринчи саволимиз шу мазмунда бўлди.

«Ҳа, бу каби саволлар бизга тез-тез берилади. Айримлар ҳатто блогермисизлар деб ҳам сўрашади. Йўқ, биз блогер эмасмиз.

Фикримча, тажрибали тадбиркор сифатида одамлар онгидан ўрин олсак, тўғрироқ бўлади.

Ўзимизни муваффақиятли ва бой тадбиркор ҳам демайман. Чунки биздан-да муваффақияли, биздан-да бойроқ тадбиркорлар Ўзбекистонда кўп. Биз шунчаки олинаётган тажрибадан завқ оламиз.

Оилада онам ўқитувчи, отам эса санъатни яхши тушунган инсон эди. Улар ўзидаги билим ва тажрибани бошқаларга улашишни яхши кўрган. Бу бизнинг характеримизда ҳам акс этган десам хато бўлмайди.

Биз бизнесдаги фаолиятимизда кўп бор мағлуб бўлдик, ютқаздик. Хатолар қилдик, шундан тажриба орттирдик. Чунки муваффақият тажрибадан, тажриба эса хатолардан келади.

Шу тажрибаларимиздан келиб чиқиб, қолаверса, бизнесда синмаслик, мағлуб бўлмаслик бўйича бошқаларнинг ҳам тажрибасини ўрганайлик деган мақсадда «M-factor» лойиҳасини ташкил қилганмиз», – деди тадбиркор саволга жавобан.

Оилавий бизнес ташкил қилиш ва муваффақиятли юритишнинг қандай қоидаси, формулалари бор?

Тадбиркор Ҳасан Мамасаидов бу борада олган хулосалари ҳақида ҳам гапириб берди.

«2006 йилда Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тугатдим. Мактабни тугатиш арафасида ҳимоя қилган диплом ишим мавзуси «Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ривожида оилавий бизнеснинг тутган ўрни» эди.