Ўзбекистон | 10:50 / 16.08.2021
1081
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдан гиёҳвандлик моддалари олиб кетаётган фарғоналик шахс Қашқадарёда ушланди

Иллюстратив фото

Сурхондарё вилояти Денов туманидан гиёҳвандлик моддалари олиб уйига кетаётган фарғоналик шахс Қашқадарёда ушланган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 12 август куни Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи И.М. бошқарувида бўлган «Дамас» машинаси Чироқчи туманида жойлашган «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилган. Машина салони холислар иштирокида кўздан кечирилганда унга ортилган қишлоқ хўжалиги махсулотлари солинган қоплар устида турган электрон тарозининг кўрсаткич қисми (таблоси)да 5 дона оқ рангли елим пакет бўлакларига ўралган, ўткир ҳидли гиёҳвандлик моддаси топилган ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳайдовчи И. М.дан мазкур жиноятга алоқадор бошқа ашёлар бор-йўқлиги сўралганда у ўз ихтиёри билан автомашинанинг рул қисми ва олд ўриндиғи тагидан ўткир ҳидли гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддаларни олиб ИИБ ходимларига тақдим этган.

Дастлабки суриштирувда М.И. мазкур гиёҳвандлик моддаларини жорий йил 11 август куни Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи У.Н.дан олгани ва Қўқон шаҳрига олиб бормоқчи бўлгани аниқланган.

Қайд этилишича, И. М.дан олинган гашиш гиёҳвандлик воситасининг оғирлиги 1 килограмм 47 граммни, опий гиёҳвандлик воситасининг оғирлиги эса 4,8 граммни ташкил этган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид