Жамият | 14:26 / 25.08.2021
7745
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам сайлов участкалари ташкил қилинади – ТИВ

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам сайлов участкаларини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясидаги пресс-брифингда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев маълум қилди.

«Дарҳақиқат, қўшни Афғонистонда вазият мураккаблигича қолмоқда. Лекин ҳурматли ОАВ вакилларига шуни айтиб ўтмоқчи эдимки, Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида Ўзбекистоннинг элчихонаси ва Мозори Шарифда Бош консулхонамиз бор. Ушбу дипломатик ваколатхоналаримиз ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, ушбу ваколатхоналаримизда тегишли сайлов участкалари ҳам бўлиши кўзда тутилган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг қарорларига асосан республика бўйича жами 10760 та сайлов участкаси тузилган.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига асосан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 54та сайлов участкалари тузилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда сайловолди кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Ҳозирга қадар бешта партия ўз номзодларини тақдим қилди ва имзо йиғиш жараёнлари бошланди. Президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид