Бу ҳақда баёнот берган Саудия бошчилигидаги коалициясига кўра, дрон 15 сентябр куни маҳаллий вақт билан 18:50 да Макка ҳаво ҳудуди сари учиб келаётганда тутиб қолинган ва йўқ қилинган.

«Ушбу душманона ва террористик ҳаракат 2017 йил 27 июлда баллистик ракета ёрдамида қилинган илк ҳужумдан сўнг, Маккани нишонга олиш бўйича иккинчи уринишдир», дейилади коалиция матбуот котиби генерал Турк ал-Малки баёнотида.

Шунингдек, коалиция «Ислом динининг энг муқаддас қадамжоларига мезбонлик қиладиган Макка ва унинг хавфсизлиги 'қизил чизиқʼ» эканини таъкидлаган.

ИҲТ ҳужумни қоралади

Ислом ҳамкорлик ташкилоти «ҳусийчилар гуруҳи томонидан муқаддас шаҳарларга қилинган қабиҳ ҳужумларни» қоралаб, улар «тинч аҳолини ваҳимага солиш, муқаддас қадамжолар ва масжидлар дахлсизлигини бузиш ҳамда бутун дунё мусулмонларининг ҳис-туйғуларини жунбушга келтириш» мақсадида амалга оширилганини таъкидлади.

Ташкилот Саудия Арабистони билан «тўлиқ бирдам» эканини билдирди ҳамда қиролликнинг муқаддас қадамжолар ва ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича кўраётган чораларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ҳусийчилар бу ҳужумни инкор қилди

Саудия Арабистонининг баёнотлари ҳусийчилар томонидан инкор қилинди. Хусусан, ҳусийчилар сиёсий бюроси аъзоси Ҳизом ал-Асад уларга тегишли учувчисиз ҳаво аппарати Маккани нишонга олишга урингани ҳақидаги даъвосини ёлғон деб атади.

«Муаззам Маккани нишонга олиш ҳақидаги даъволар аввал ҳам тарқатилган ва эндиликда ҳеч кимни алдай олмайдиган жирканч ёлғондир», дея ал-Асаднинг сўзларини келтрмоқда Al Jazeera.

Ҳусийчилар таъкидлашича, шу ҳафта давомида Саудия ҳарбий самолётлари Ямандаги бир қанча ҳудудларни нишонга олиб, 450 дан ортиқ зарба берган.

Тинч аҳоли орасида талафотлар қайд этилди, дейилади ҳусийчилар ҳарбий матбуот котиби баёнотида. Гуруҳ «барча мавжуд воситалар ёрдамида мамлакат ҳаво ҳудуди ва суверенитетини ҳимоя қилишда давом этиши»ни билдирди.