Қарийб 1,5 аср барчага таниқли, севимли ва қадрдон бўлишнинг сири нимада? Kun.uz'нинг “Business class” лойиҳасида шу ҳақда сўз юритамиз.

Шонли тарих

XIX асрнинг охирларида германиялик икки ихтирочи Карл Бенс ва Готлиб Даймлер ўз машиналарини яратишди. Улар дастлаб ўзаро рақобатчи эди, чунки ҳар иккала ихтирочи ўзининг автобизнесига асос солганди. 1926 йилдаги ҳамкорлик йирик тарихий келишув бўлди ва Mercedes-Benz компанияси фаолият бошлади.

Карл Бенс (чапда) ва Готлиб Даймлер (ўнгда)

Mercedes брендининг номи ундан аввалроқ келиб чиққан. 1901 йилда бизнесмен Эмил Еллинек қизи Мерседеснинг туғилган кунига спорт автомобили совға қилишни ният қилиб, Даймлердан шу ном билан машина яратишни сўрайди. 35 от кучига эга автомобил муваффақиятли чиқади ва уни серияли ишлаб чиқаришга қарор қилишади, Mercedes номи эса шундан бери тиллардан тушмайди.

35 от кучига эга илк Mercedes

Даймлер ва Бенс ҳамкорлиги автомобил саноатида энг узоқ давом этган шериклик ҳисобланади.

Айни пайтда Mercedes-Benz – Daimler AG концерни таркибидаги компаниядир. Концерн капитали 74 млрд еврони ташкил қилади ва умумий айланманинг 50 фоизи айнан Mercedes'га тегишли.

Логотип

Уч қиррали юлдузни кўрганингизда хаёлингизга нима келади? Бу саволга автомобилдан хабари йўқ одам ҳам жавоб бера олади. Бу – Мercedes.

Компания автотранспорт воситаларидан ташқари, самолётлар ва кемалар учун моторлар, эҳтиёт қисмлар ҳам ишлаб чиқаргани сабабли логотипдаги уч қиррали юлдуз самода, сувда ва ерда инсонларга хизмат қилувчи бренд рамзи ҳисобланади. Белгининг содда ва эсда қоларли дизайни уни бутун дунёда унутилмас ва таниқли қилиб қўйди.

Логотип яратилгандан бери 7 марта ўзгарган: 1902, 1909 (2 марта), 1916, 1926, 2008, 2009 ва 2011 йилларда.