Кобул эгаллангач «Толибон» Афғонистон яна ислом нормалари асосида бошқарилишини маълум қилди, аммо бу кенг тушунча бўлиб, турли йилларда толибларнинг ўзи томонидан ҳам турлича талқин этилган. BBC «Толибон» дунёқарашининг асосини ташкил этган деобандизм - ўз вақтида Ҳиндистондан кириб келган диний оқим ҳақида ҳикоя қилди.

«Толибон» ҳаракатига 1994 йилда мулла Муҳаммад Умар мадрасадаги талабаларнинг кичик гуруҳи билан биргаликда асос солган. Умар ва унинг издошлари 1989 йилда совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилгач бошланган фуқаролик уруши туфайли юзага келган тартибсизликлар, тартибни сақлаш билан эмас, ўзи жиноятлар содир эта бошлаган дала қўмондонларидан қаттиқ норози бўлишган.

Афсоналарга кўра, 1994 йил баҳорида гуруҳлардан бирининг мужоҳидлари томонидан Санг-Ҳисор қишлоғида икки ўсмир қиз ўғирлаб кетилади ва улар блокпостда доимий равишда зўрланади. Ушбу ҳудуд яқинида яшаган, СССРга қарши уруш фахрийси бўлган Муҳаммад Умар бу ҳақда хабар топади ва қизларни қутқаришга қарор қилади. У ўзи дарс берадиган мадрасага бориб, 30 нафар ўқувчиларини йиғади (пушту тилида «толиб» - «ўқувчи» дегани) ва қизларни қутқариш учун отланади.

Блокпост қўмондонини танк стволига осишади, мулла Умар эса толиблар ҳаракатини ривожлантиришга киришади.

У афғонларнинг жабр-ситамлари, тўдаларнинг зўравонликлари, амалдорларнинг коррупцияга ботгани ва бошқа тартибсизликларни бутун мамлакат бўйлаб шариат қонунлари ҳукмронлигини ўрнатиш орқали бартараф этиш мумкинлигини таъкидлайди.

Мужоҳидлар аввалига секуляризмга (яъни, динни дунёдан ажратишга), кейин эса коммунизмга қарши курашишган. Улар исломнинг замонавий сиёсий талқинига мойил эди. Мафкуравий жиҳатдан улар Мисрда тузилган «Биродар мусулмонлар» ташкилотига яқин эди.

«Толибон» эса ультратрадиционалистлар. Улар учун асосийси: эътиқод нормаларига ипидан игнасигача риоя этиш. Улар ўзларини ислом динидаги энг қатъий таълимот ҳисобланган деобандизм оқимига мансуб ҳисоблашади. Бу таълимот 1867 йилда Ҳиндистоннинг Деобанд шаҳридаги мадрасалардан бирида пайдо бўлган. Унинг издошлари Ҳиндистонда британ мустамлакасига қарши курашган.

«Толибон» раҳбариятидаги олти киши. Улар ҳақида нималар маълум?

«Соф анъаналар»