Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг The New York Times нашрига айтишича, АҚШ Кобулдаги элчихонасини қайта очиши, дипломатик ваколатхона фаолиятини тиклаши ва инфратузилма ҳамда фойдали қазилмалар соҳасига сармоя киритиши мумкин.

«Уруш даври тугади. Энди ўзаро ҳурмат ва ижобий ҳамкорликка асосланган янги муносабатларни хоҳлаймиз», — деди Муттақий.

Бироқ Кобул АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонга қайтишига қарши. Муттақий афғонлар мамлакат ҳудудида хорижий қўшинлар жойлаштирилишига рози бўлмаслигини билдирди. Бу позиция АҚШ президенти Доналд Трампнинг Багром авиабазаси устидан назоратни қайтариш зарурлиги ҳақидаги аввалги баёнотларига зид.

«Толибон» АҚШнинг Афғонистонда қолдирилган қурол-яроғларини қайтариш ва 2022 йилда Кобулда бедарак йўқолган АҚШ ва Афғонистон фуқароси Маҳмуд Ҳабибийни озод қилиш талабларини ҳам бажармаган.

Вашингтон эса «Толибон»ни ҳозирча Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олиш ниятида эмас. АҚШ Давлат департаментига кўра, Кобул хавфсизликни таъминлаш ва халқаро террорчилик гуруҳларига қарши кураш бўйича берган ваъдаларини бажармаган. АҚШ, шунингдек, афғон ҳудуди хориждаги ҳужумларни тайёрлаш учун яна базага айланишидан хавотирда.

Шу билан бирга, Кобул Вашингтон ва Европа давлатлари тан олишини кутмасдан ташқи алоқаларини кенгайтирмоқда. Афғонистон Россия билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик келишувини тузган, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан ўнлаб савдо битимларини имзолаган. Шунингдек, Форс кўрфази мамлакатлари билан ҳам алоқаларни ривожлантирмоқда.

Кобул АҚШ инвестицияларини жалб қилишда мамлакатнинг табиий бойликларига умид қилмоқда. Афғонистон литий, мис, темир рудаси ва камёб ер элементларига бой. Бу ресурслар электроника, аккумуляторлар, энергетика ва мудофаа саноати учун муҳим ҳисобланади. АҚШнинг Хитой билан стратегик рақобати фонида Кобул америкалик компанияларни конларни ўзлаштиришга жалб қилишни истамоқда.

Бироқ Афғонистонда тоғ-кон саноатини ривожлантириш бўйича аввалги уринишлар катта натижа бермаган. 2004–2021 йилларда АҚШ бу соҳага қарийб 1 миллиард доллар йўналтирган, аммо уруш, коррупция, заиф давлат институтлари, инфратузилманинг етишмаслиги ва хавфсизлик муаммолари лойиҳаларга тўсқинлик қилган.

«Толибон»нинг ички сиёсати эса АҚШ ва Ғарб билан муносабатларни тиклашдаги асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ҳаракат қизларнинг ўрта ва олий таълим олишини тақиқлаган, аёлларнинг меҳнат қилиши, ҳаракатланиши ва жамоат ҳаётида иштирок этишини кескин чеклаган. Халқаро жиноят суди «Толибон» раҳбари Ҳайбатулла Охундзодага аёллар ва қизларни таъқиб қилиш билан боғлиқ инсониятга қарши жиноятлар бўйича ҳибсга олиш ордерини берган.

Шу сабабли Кобулнинг Вашингтонга таклифи, аввало, катта сиёсий ён беришларсиз инвестициялар, дипломатик каналлар ва халқаро легитимликка эришишга уриниш сифатида баҳоланмоқда. АҚШ Афғонистоннинг фойдали қазилмалари ва минтақадаги геосиёсий аҳамиятидан манфаатдор бўлиши мумкин, аммо «Толибон»нинг аёллар ҳуқуқларига нисбатан сиёсати ўзгармас экан, тўлиқ дипломатик яқинлашув эҳтимоли пастлигича қолмоқда.