11 август куни кечқурун Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Тожикистон билан чегарадош Бадахшон вилоятида “Толибон” кучлари ва қўмондон Жума Хон Фотиҳга алоқадор тузилмалар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Бу ҳақда Afghanistan International хабар бермоқда.

Манбаларга кўра, тўқнашувлар Нусай туманининг Шоҳдара ва Хоғиз ҳудудларида содир бўлган. Хабарларга кўра, “Толибон” кучлари Фотиҳ қўмондонлиги остидаги шахсларга ҳужум қилган.

Жанглар фонида Бадахшондаги “Толибон” маъмурияти биноси яқинидаги назорат-ўтказиш пункти ракета ҳужумига учраган. Манбаларга кўра, пунктга иккита ракета отилган, шундан сўнг толиблар ва ҳужумчилар ўртасида отишма бошланган.

Қурбонлар, жароҳатланганлар ва етказилган зарар миқёси ҳақида расмий маълумот йўқ. Бироқ маҳаллий манбалар томонлар талафот кўраётганини маълум қилмоқда.

Тўқнашувларнинг сабаблари ҳам расман аниқланмаган. Манбалар “Толибон” кучлари Фотиҳ гуруҳи жойлашган ҳудудларга қурол-яроғ йиғиш учун борган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, “Толибон” ҳокимиятга келгач, асосий сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий лавозимларни Қандаҳорга яқин амалдорларга топшириш орқали Бадахшондаги маҳаллий толибларнинг таъсирини сусайтиришга уринган. Олтин конлари ва улардан тушадиган даромадларни назорат қилиш зиддиятнинг асосий манбаларидан бирига айланган. Маҳаллий толиблар кадрларни алмаштириш, қўмондонларни ҳибсга олиш ва конларни четдан келганларга беришни ўз таъсир доираларини чеклашга уриниш деб билмоқда.

Afghanistan International маълумотларига кўра, сўнгги ойларда Жума Хон Фотиҳ ва “Толибон” раҳбарияти ўртасидаги зиддият фойдали қазилмаларни қазиб олиш туфайли кучайган. “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода аввалроқ ноқонуний кончиликни тўхтатиш ҳақида фармон чиқарган эди. Манбаларнинг таъкидлашича, бу фармон Фотиҳ билан боғлиқ иқтисодий фаолиятга таъсир кўрсатган.

Айни пайтда вилоятда хавфсизлик беқарорлигича қолмоқда: “ИШИД-Хуросон” “Толибон” вакилларига ҳужум қилишда давом этмоқда, бир қатор туманларда эса толибларга қарши гуруҳлар фаолият юритмоқда.

Июль ойи охирида афғон матбуоти “Толибон” Бадахшонга қўшимча кучлар юбораётгани ва сўнгги ҳафталарда фаоллиги сезиларли даражада ошган қуролли мухолиф гуруҳларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берган эди.