Ҳарбийлар президент уларнинг қўлида эканини, мамлакатда комендантлик соати жорий этилгани, чегаралар ёпилгани ва ҳукумат вакилларига душанба куни шошилинч йиғилишда ҳозир бўлиш кўрсатма қилинганини маълум қилишган.

Жаҳон ахборот агентликлари гувоҳларга таяниб тарқатган хабарларга кўра, якшанба куни Гвинея пойтахти Конакридаги президент қароргоҳида шиддатли отишма овозлари эшитилган. Кейин ҳарбийлар яриморолда жойлашган Калум тумани (президент қароргоҳи ва бир нечта вазирликлар бинолари жойлашган) ва шаҳарнинг қолган қисмини боғлайдиган ягона кўприкни тўсиб қўйишган.

Конакри шаҳри марказида яшовчиларга уйдан чиқмаслик бўйича кўрсатма берилган, бўш қолган кўчаларда аскарлар патруллик қила бошлаган.

GPS махсус топшириқли бўлинма ҳарбийлар давлат телевидениеси орқали президент Альфа Конде ҳокимиятдан ағдарилгани ва ҳибсга олингани, унинг ҳукумати тарқатиб юборилгани ҳақида эълон қилишган.

Телевидениеда Конде ағдарилгани ҳақидаги чиқиш подполковник Мамади Думбайя томонидан бўлган - айнан у исёнчилар раҳбари экани тахмин қилинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Альфа Конде ёқавайрон ҳолатда тўлиқ қуролланган ҳарбийлар даврасида акс этган видео ва фотосуратлар пайдо бўлди, Конде уларни бошқармаётгани ва паришон ҳолда экани яққол кўринади.

Ҳозирча президент Конде чиндан ҳам ҳибсга олингани аниқ эмас. «Франс-пресс» хабарига кўра, унинг ҳукумати давлат тўнтарилишининг олди олингани ва ҳозирда хавфсизлик кучлари тартибни тиклаш ишларини олиб бораётганини маълум қилган.

Подполковник Думбайя бошчилигидаги, ўзини «Сулҳ ва тараққиёт миллий қўмитаси» деб атаган ҳарбийлар конституция амал қилишдан тўхтаганини маълум қилиб, мамлакатнинг янги асосий қонуни лойиҳаси яқин вақтлар ичида ишлаб чиқилишини ваъда қилишган.

Думбайя ўз видеомурожаатида Гвинеядаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий вазият оғирлашгани сабабли ҳарбийлар мамлакат келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олганини маълум қилган. У барча ҳарбийларни ўз жойларида қолишга чақирган. Бундан ташқари, бошқа кўплаб амалдорлар ҳам ҳибсга олинган.

Думбайя илгари Франция хорижий легионида хизмат қилган, 2018 йилда эса GPS устидан қўмондонликни ўз қўлига олиш учун Гвинеяга қайтиб келган.

Исёнчилар яқин бир ҳафта давомида мамлакат чегаралари ёпиқ туришини эълон қилишган.