08:54 / 06.09.2021
5156

ЖАРнинг собиқ президенти Жейкоб Зума муддатдан олдин озодликка чиқарилди

ЖАРнинг собиқ президенти, 15 ойга озодликдан маҳрум этилган Жейкоб Зума соғлиғи муносабати билан шартли тарзда муддатдан олдин озодликка чиқарилди.

Фото: Reuters

79 ёшли Зума 6 августда турмадан ҳарбий госпиталга ўтказилган. Бир ҳафтадан кейин унда жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шу билан бир вақтда Зуманинг адвокатлари тиббий кўрсатмаларга кўра собиқ президентнинг муддатдан олдин озод этилишини сўрашган. ЖАРнинг амалдаги қонунларига кўра, маҳкум жазо муддатининг қандай қисмини ўтаганидан қатъи назар, соғлиғи бўйича исталган вақт озод этилиши мумкин.

Эндиликда собиқ президент қолган жазо муддатини ахлоқ-тузатиш муассасалари ходимлари назорати остида ўтказади.

Зума 29 июнда судга ҳурматсизликда айбланиб, 15 ойга озодликдан маҳрум этилганди. Судья Раймонда Зондо собиқ президентни махсус комиссияга кўрсатмалар бериш учун келмаганликда ва ундан буни талаб қилган конституциявий судга ҳурматсизлик қилишда айблаган. Комиссия 2009-2018 йиллар Зуманинг президентлиги вақтида ҳукуматдаги коррупция ҳолатлари бўйича тергов олиб бормоқда.

Зума 8 июлдан бошлаб жазо муддатини ўтай бошлаганди. Шундан кейин ЖАРда Зуманинг қамоққа олинишига қарши норозилик намойишлари бошланиб, тартибсизликларга айланиб кетганди. Тартибсизликларда камида 337 киши ҳалок бўлган.

Top