Халқаро ташкилотлар Жаслиқ колонияси қийноқлар ва зулм масканига айлангани сабабли уни ёпишни сўраб Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилишган. Бироқ ушбу сўровлар ҳар сафар эътиборсиз қолдирилган ёки турли баҳоналар билан рад этилган. Шавкат Мирзиёев даврида Жаслиқда қийноқлар қўллангани расман тан олинди ва уни тарих саҳифаларидан батамом ўчириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Kun.uz ушбу колонияда жазо муддатини ўтаган, бугунги кунда озодликда бўлган икки собиқ маҳкум билан у ерда кўрган-кечирганлари ҳақида суҳбатлашди.

“Жаслиқда ўтказган кунларимни душманимга ҳам раво кўрмайман”

Айни пайтда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшаётган, асли сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов умрининг 11,5 йилини Жаслиқда ўтказган.

 “2006 йилда сохта айблов билан қамалганман. Ўша пайтда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими раҳбари эдим. Мени товламачиликда айблашган, жиноят иши ясама бўлгани учун норозилик сифатида судда судьяга тескари қараб ўтирганман. Гарчи айбим рад этиб бўлмас далиллар билан исботлаб берилмаган бўлса-да, суд томонидан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. 2016 йилнинг майида жазо муддати тугаш арафасида унга қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан 5 йил-у 26 кун муддат қўшиб берилди.

11,5 йил мобайнида Ўзбекистондаги энг қўрқинчли қамоқхоналардан бири – Жаслиқ колониясида бўлдим. Жисмоний ва руҳий қийноқларни бошдан кечирдим. Лекин шунда ҳам курашни тўхтатганим йўқ. Гарчи ҳақсизликка қарши сўзим, ҳаракатларимдан сўнг қийноқларга дуч келган, изоляторга қамалган бўлсам ҳам Жаслиқ колониясидаги масъулларнинг маҳкумларга нисбатан муносабатлари нотўғри эканини, бу орқали улар жиноятга қўл уришаётганини очиқ айтиб келдим. Кучим етганича атрофимдаги бошқа маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим.

Фото: Voice of America

Жаслиқда сақланаётган пайтимда халқаро ташкилотлар бу ерда маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланаётгани, мен ва бошқа сиёсий тутқунлар асоссиз айбловлар билан бу ерда ушлаб турилганимиз, шу сабабли бизни озодликка чиқаришни сўраб бир неча марта мурожаат қилишган. Лекин бу мурожаатларни Ўзбекистон ҳукумати ҳар сафар рад этган. Шундан сўнг қийноқлар бўлаётганини исботлаш учун ҳаётимни хавф остига қўйиб бўлса-да, қамоқхонадан хатлар чиқардим ва ҳар сафарги хатимдан сўнг халқаро ҳамжамиятнинг босими кучайиб, бу маълум бир ўзгаришларга сабаб бўларди.