Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30-йиллигига бағишланган байрам кунлари ERIELL Group томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида хайрия тадбири ўтказилди. 

Бу ерда 51 нафар бола тарбияланиб, уларнинг энг кичиги ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган. Уларнинг ҳар бири алоҳида меҳр, эътибор ва парвариш, энг асосийси доимий тиббий назоратга муҳтож. Муассаса директори Тўхтаназарова Гулнора Махмаджоновна у ҳақда сўзлар экан, унга «бизнинг уйимиз», «оиламиз» ва «менинг болаларим» дея таъриф берди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони билан тақдирланган, бироқ тарбияланувчилар уни оддийгина қилиб - ойижон деб чақиради. 

«Бола барибир бола-да. Ҳар бир бола меҳр, муҳаббат ва эътиборга ҳақли», – дейди Гулнора Махмаджоновна.

ERIELL Group болажонларнинг эҳтиёжларига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлади, хоҳ у қиммат даволаниш зарурати ёки уларни ихтисослашган муассасаларда сақлаш шароитларини яхшилаш бўлсин. Ўзбекистон Республикасининг «Волонтерлик фаолияти тўғрисидаги» қонунининг 4-моддаси ва «Хайрия тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Компаниялар гуруҳи томонидан Болалар уйи капитал таъмирланди.

«Болалар уйига 1962 йилда асос солинган. Йиллар ўтиб бино эскириб, йиллар давомида таъмирга муҳтож бўлиб келган, – дейди Қибрай тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати Мирбоис Зоҳидов. – Рекорд муддат, яъни бир ярим ой давомида ERIELL Group томонидан 0,6 га ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Болалар учун икки қаватли ётоқхона корпуси капитал таъмирланди, ўйин хоналари, хизмат бинолари, ювиниш хоналари тўлиқ янгиланди, мебель, кондиционерлар, ошхона жиҳозлари ва замонавий маиший техникалар келтирилиб, ўрнатилди. Янгиланган бино болажонларимиз ва ходимларимиз учун бирдай манзур бўлишига ишончим комил».