«Ҳозирда кумушдан қуйма услубда тайёрланадиган узукларга талаб юқори. Чунки кумушнинг организмга ҳам фойдаси катта. Узукларга кўз қўйишда харидорларнинг талаб ва истагига қараб, ўзлари хохлаган туридан қўямиз. Айни вақтда 12 нафар шогирд тайёрлаяпман. Икки-уч ойдан сўнг улар ҳам заргар бўлишади. Заргарларимиз кўпайиб, ўзимизда тайёрланганидан сўнг хориждан олиб келиш ҳам камаяди. Уйда ишсиз ўтирган аёлларимиз ҳам бу ҳунарни ўрганиб даромад олишлари мумкин», дейди Раъно Ешимбетова.

Қуйма услубда узук тайёрлаш Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ривожланган. Бундай узукларнинг 5-6 соатда тайёрлаш мумкин. Ҳозирда технологиялар ривожлангани туфайли махсус ускуналар ёрдамида 5-6 соатда икки юзтагача тайёрлаш мумкин.

Филигран услуби эса Бухоро вилоятида сақланиб қолган. Бу услубдаги узуклар мураккаб услубда, бир ойгача бўлган даврда қўл меҳнати орқали тайёрланади. Шунинг учун бу узукларнинг нархи ҳам юқори. Унинг асосий харидорлари туристлар ҳисобланади.