Жаҳон | 15:59 / 18.09.2021
8835
2 дақиқада ўқилади

Жазоирга 20 йил президентлик қилган Абдулазиз Бутефлика вафот этди

Жазоирнинг собиқ президенти Абдулазиз Бутефлика 84 ёшида оламдан ўтди. Мамлакат президенти канцелярияси маълумотига кўра, Бутефлика узоқ вақт давом этган касаллик туфайли вафот этган.

Бу сурат 2012 йилга оид. 2019 йилда у бешинчи марта сайланмоқчи бўлганди.

Абдулазиз Бутефлика Жазоир президентлигига илк марта 1999 йилда, унинг барча рақиблари сайловлардаги қоидабузарликларга норозилик сифатида ўз номзодларини қайтариб олган шароитда сайланганди. Шундан сўнг у яна бир неча марта лавозимга қайта сайланди, бунинг учун 2014 йилда конституция ўзгартирилиб, президентликка номзод бўлишнинг максимал муддати бўйича чеклов бекор қилинганди.

У 2013 йилда инсультни бошдан кечирган, шундан кейин деярли тилдан қолган ва коляскада доимий кузатувчи ёрдамида ҳаракатланадиган бўлганди. Шундан кейин у жамоатчиликка кам кўрина бошлайди. Сўнгги марта уни 2017 йилда телевидениеда кўрсатишган, ўшанда у мамлакат пойтахтидаги метро бекати ва масжидни очиб берганди.

2019 йилда, хориждаги узоқ вақтлик даволанишдан қайтган ва ёши ўтиб қолганига қарамай, бешинчи муддат учун сайловда қатнашишга қарор қилади. Бу эса оммавий намойишларга олиб келади, шундан кейин, 2019 йилнинг 2 апрель куни у армия босими остида истеъфога чиқишга мажбур бўлади.

Биринчи президентлик муддати бошида Бутефлика мамлакатдаги қуролли радикал гуруҳлар билан келишувга эришиб, мамлакатда 1990-йиллардан буён давом этган фуқаролик урушига чек қўйганди.

Унинг истеъфосидан кейин норози қатламни тинчлантириш учун янги ҳукумат собиқ президент атрофидаги амалдорларга нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича текширувлар бошлаган ва унинг яқинларидан бир неча киши, жумладан унинг укаси, сўнгги бир неча йилларда амалда Жазоирга раҳбарлик қилган Саид Бутефлика судланиб, қамоққа ташланганди.

Мавзуга оид