Ўзбекистон | 10:04 / 20.09.2021
1228
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида жорий йилда ёнғинларнинг 90таси ёш болалар иштирокида содир бўлгани маълум қилинди

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида 712 та ёнғин содир бўлган. Уларнинг 90 тасида ёнғин келиб чиқишига болалар сабаб бўлган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятида жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида жами 712 та ёнғин содир бўлган. Ёнғинлардан кўрилган моддий зарар миқдори 9 миллиард 693 миллион сўмни ташкил қилган. Ёнғинлар оқибатида 9 нафар фуқаро вафот этган, 22 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган.

Қайд этилишича, 2021 йилда ёнғинлар 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 118 тага ёки 19,9 фоизга кўпайган. Ёнғинларнинг 90 таси ёш болалар томонидан содир этилган ва бу кўрсаткич ҳам 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 23 та кўп бўлган (2020 йил 67 та).

Масалан, Булунғур тумани «Лалмикор» МФЙ, Эшмонтўп қишлоғида яшовчи 1958 йилда туғилган А.Н.нинг хонадонида ёнғин содир бўлган ва уйнинг 80 метр квадрат шифт, том ва уй жиҳозлари ёниб кетган. Ёнғиндан уйнинг 100 метр квадрат майдони сақлаб қолинган. Ёнғиннинг сабаби ўрганилганда, унинг содир бўлишига 2012 йилда туғилган С.Б.нинг гугурт ўйнаши сабаб бўлгани аниқланган.

Таъкидланишича, юқоридагиларни инобатга олиб, Самарқанд вилоят ФВБ ва унинг Давлат ёнғин назорати ходимлари ҳамда МТТ ходимлари билан биргаликда боғчаларда, мактабларда ва аҳоли яшаш жойларда болаларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ва ёнғин содир бўлганда ҳаракат қилиш тартибини ўргатиш ишлари олиб борилган.

Мавзуга оид