22 сентябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан жаҳон миқёсида «Автомобилсиз кун» сифатида белгиланган. Шу куни автотранспорт эгалари автомобиль ва мотоцикллардан фойдаланмасдан, соғлом турмуш тарзини танлаб, режа қилган манзилларига велосипед ёки пиёда боришга ҳаракат қилишади. Бу билан улар ушбу кунда соғлом турмуш тарзига ошно тутиниш баробарида ҳеч бўлмаса бир кунга ҳавони автомобиллардан чиқадиган заҳарли газлардан тозалашга ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилишади.
Ўзбекистонда ҳам бугун кўплаб юртдошларимиз ўзларининг шахсий автотранспортларидан фойдаланмасдан, пиёда ва велосипедда ҳаракатланиб, бошқа ҳаракат иштирокчиларига ҳам бир кун автомобилсиз юришни, соғлом турмуш тарзини танлашни тавсия қилишмоқда.
Халқаро автомобилсиз кун муносабати билан Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ишга автомобилсиз боришди, Абдуҳакимов велосипедда ҳаракатланган бўлса, Шерматов 10 км.га яқин масофани пиёда босиб ўтди.
Шерзод Шерматов пиёда босиб ўтган йўлни унинг фейсбук саҳифасидаги онлайн трансляцияда томоша қилиш мумкин.
Бугун шунингдек, Туризм ва спорт вазирлиги томонидан #avtomobilsizbirkun челленжи уюштирилди ва унда вазир Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этди.
22 сентябрь куни вазирлик биносида турли корхона ва ташкилотлар ходимлари, қолаверса туризм ва спорт мавзуларини кенг ёритиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлишди. Улар Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигида #avtomobilsizbirkun челленжи доирасида вазирлик биносидан бошлаб то Экопарккача бўлган масофани велосипедда босиб ўтишди. Улар пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб қарийб 6 километр масофани босиб ўтган ҳолда юртдошлар учун ўзига хос намуна вазифасини ўтаб беришди.

«Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 22 сентябрь Ўзбекистонда «Автомобилсиз кун», деб белгиланган. Биз бу санани ўтган йили ҳам кенг нишонлашга ҳаракат қилганмиз. Бу йил эса «Автомобилсиз кун» доирасидаги тадбирларни янада кенг қамровда ташкил этдик. Хусусан, бу йил барча ҳудудларни, ҳаттоки хориждаги дипломатик корпусларимизни ҳам ушбу сана муносабати билан ташкил этилаётган челленжларимизга жалб қилдик.


















