141 мамлакатдан 24 минг нафардан ортиқ одам, жумладан, 350 нафар ўзбекистонлик “Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури” (Diversity Immigrant Visa Program – AҚШ резиденти мақомини олиш ҳуқуқини берувчи визалар олиш дастури) ғолибларининг аризаларини кўриб чиқишдан бош тортаётгани сабабли АҚШ ҳукумати билан судлашаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.
Судда даъвогарлар манфаатларини ҳимоя қилаётган америкалик адвокат Кёртис Моррисон ва ўзбекистонликлар ўртасида воситачилик қилаётган Ўткир Раҳматуллаевнинг айтишича, Колумбия округ судининг 9 сентябрдаги қарорида жавобгар [АҚШ Давлат департаменти] зиммасига 2021 йил 30 сентябрга қадар DV-2021 дастури ғолибларининг аризаларини экспресс режимида кўриб чиқиши, бунинг учун ўз вакиллари орқали виждонан ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланганди.
Шунингдек, суд қарорида бошқа турдаги, яъни DV бўлмаган визалар бўйича аризаларини кўриб чиқишда 2020 йилнинг ноябрь ойида Давлат департаменти томонидан АҚШнинг хориждаги элчихоналари фаолиятига татбиқ этилган устуворлик сиёсатига таянмаслик ҳақида сўз боради. Яъни юқоридаги устуворлик принципи бўйича грин-карта лотереялари бўйича аризаларни кўриб чиқиш энг охирги ўринга қўйилган бўлиб, суд АҚШнинг хориждаги элчихоналари томонидан бу тамойилга амал қилмасликни, балки бу бўйича аризалар тезкорлик билан кўриб чиқилиши кераклигини ўз қарорида белгилаб қўйган.
Бироқ Kun.uz’га мурожаат қилган ватандошлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси суднинг ушбу қарорини ижро этмаётгани, гарчи сайт саволларига жавобан элчихона “Ўзбекистондаги “Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури”га бўлган қизиқишни эътироф этиши, қадрлаши ҳамда консуллик бўлими айни пайтдаги ва келгуси виза аризаларини кўриб чиқиш учун виждонан ҳаракат қилиши”ни таъкидлаган бўлса-да, амалда бу сўзларга тескари ҳаракат қилаётганини айтишмоқда.

“Суд ўз қарори билан бир виза талабномасидан иккинчисининг устун қўйилишини вақтинча бекор қилган бўлса-да, амалда бу сезилаётгани йўқ. Тўғри, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 16 сентябрь куни ўзбекистонлик DV-2021 дастури ғолибларини виза суҳбатларига чақиришни бошлаганди. Биздаги маълумотларга кўра, шу куни 20та ариза бўйича жами 41 киши 28 сентябрь кунги суҳбатга чақирилган.
Бироқ негадир кейинги кунларда бу жараён тўхтаб қолган. Яъни 17 сентябрдан бери 41 кишидан бошқа ҳеч ким суҳбатга чақирилмади. Элчихона бу ҳаракати бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.













