Тунисликлар бу қадамни ҳокимиятни бир қўлда жамлаш истаги ва мамлакатдаги демократия пойдеворларига тажовуз сифатида кўришмоқда.

Минглаб кишилар мамлакат пойтахти кўчаларида намойишларга чиқишган, уларнинг қўлларида «Давлат тўнтариши» ва «Демократиямизни қутқарамиз» ёзувлари битилган плакатларни кўриш мумкин.

Мухолифат Тунисда 2010-11 йилларда «Араб баҳори» (кейинроқ Шимолий Африка ва Яқин Шарқ бўйлаб тарқалган норозилик намойишлари тўлқини) нимадан бошланганини ёдга олишга чақирмоқда.

Ҳозирги зиддият тарихи

Тунис парламенти 25 июлдан буён ишламаяпти. Ўшанда ҳукуматдаги қатор юқори мартабали амалдорлар ишдан бўшатилди, хусусан бош вазирнинг ўзи ҳам ҳукуматдан четлатилди.

Бунгача мамлакатнинг йирик шаҳарларида минглаб тунисликлар намойишларга чиқиб, коронавирус пандемиясига қарши курашдаги хатолар учун айбдор бўлган амалдорларни жавобгарликка тортиш ҳамда Халқ вакиллари ассамблеясини (бир палатали парламент) тарқатиб юборишни талаб қилишди.

Қайс Саид ўшанда ҳукуматга янги раҳбар тайинлаб, унинг ёрдамида кун тартибидаги муаммолар билан шуғулланишини айтганди. Аммо Тунисдаги сиёсий кучлар президентнинг ҳаракатларини давлат тўнтариши ва диктатура сари қадам деб баҳолади.

Ҳатто Тунис парламенти спикери, «Ан-Наҳда» (Уйғониш) партияси раҳбари Рашид ал-Ганнуший Саидни халқ талабларини баҳона қилган ҳолда онгли равишда ўзи ҳам ҳаммуаллиф бўлган конституцияни бузгани ҳақида айтганди. У президентни давлат тўнтаришига уринишда айблади ва шундан кейин Тунис мухолифатига бошчилик қила бошлади.

2011 йилги инқилобдан кейин Саид янги конституция лойиҳасини тайёрлаш бўйича экспертлар қўмитаси таркибига кирганди, бу лойиҳа 2014 йилга келиб қабул қилинади.

Айнан шу даврдаги фаолияти унга 2019 йилги президентлик сайловларида ғолиб бўлишда ёрдам берганди, ўшанда у сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этган.

Бу абсолютизм сари йўлми?
Август ойида парламент фаолиятини давом эттириши масаласи кўриб чиқилди, аммо президент аввалги қарорини кучда қолдирди.