Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхонасига (pm.gov.uz портали) юборилган мурожаатлар энди мурожаатчилар томонидан назорат қилинади.

Халқ қабулхонасининг хабар беришича, порталда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда SMS-хабарнома хизмати ишга туширилган.

Энди мурожаатнинг ҳар бир босқичи ҳақида фуқарога pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинети ва SMS орқали маълумот бериб борилади. Бунинг учун фуқаро шахсий кабинет орқали созламаларга кириб, зарурий билдиришномалар SMS шаклида ҳам юборилишини белгилаб қўйиши керак.

Мурожаат ёпилгани ҳақидаги SMS-хабарномада махсус ҳавола бўлади. Фуқаро ҳавола орқали кириб, мурожаатга тегишли ташкилотнинг жавоби билан танишади ва унга “Розиман” деб муносабат билдириши ёки “Эътирозим бор” деб мурожаатни қайта ижрога қайтариши мумкин. Бу билан у ўз мурожаатини ўзи назорат қила олади.

“Эътирозим бор” тугмасини босганда, фуқаро қуйидаги сабаблардан бир ёки бир нечтасини танлайди ёки ўз эътирозини ёзиб қолдириши мумкин:

  • Мурожаатга “отписка” шаклида жавоб берилган (асосий важларим қолиб кетган).
  • Мурожаатимда кўрсатилган важларга жавоб берилмаган.
  • Мурожаатим ҳал этилмаган бўлса-да, ҳал этилди деб ёлғон маълумот берилган.
  • Мен билан ҳеч ким учрашмаган, лекин учрашилди деб маълумот берилган.
  • Устидан шикоят қилинган идоранинг ўзи мурожаатимни кўриб чиққан.
  • Жавобда ёлғон ва асоссиз маълумотлар ёзилган.
  • Имзоланмаган жавоб хати бириктирилган.
  • Мурожаат ёзганим учун менга таҳдид бўлди.
  • Эски мурожаатимга берилган жавоб хати бириктириб қўйилган.

Фуқаро мурожаатга жавобдан қониқмасдан, “Эътирозим бор” дея белгилаган ҳолатда мурожаат ижрога қайтарилади ва қайта кўриб чиқилади.