09:50 / 27.09.2021
2790

Китобдаги мактаб таъмири учун ўқитувчилар ва ота-оналардан пул йиғилгани айтилди

Ижтимоий тармоқларда Китоб туманидаги «Сурум» МФЙда жойлашган 85-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси томонидан мактаб таъмири учун ўқитувчилар ва ота-оналардан ноқонуний пул йиғилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, жорий йил 26 сентябрь куни 85-мактабда Қонунчилик палатаси депутати Қ.Эргашев, Китоб тумани ҳокими А.Зокиров, туман ХТБ мудири А.Авлаев, мактаб жамоаси, ота-оналар кузатув кенгаши, қишлоқ нуронийлари ва эркин блогерлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда ҳақиқий ҳолат билан танишиш мақсадида томонлар фикрлари, жумладан мурожаат қилган ўқитувчининг ҳам фикрлари тингланган.

Суҳбат давомида мактаб таъмири учун ўқитувчилар ва ота-оналардан ҳеч қандай мажбурий пул йиғилмагани, мактаб маъмурияти ва туман ХТБнинг мурожаатчига умуман адовати йўқлиги маълум қилинган. Йиғилиш сўнгида қишлоқ оқсоқоллари, мактаб жамоаси ҳам сўз олиб, ижтимоий тармоқларда хабар қолдирган ўқитувчининг қилган ишидан қаттиқ норозилигини билдириб ўтишган.

Шундан сўнг, бундан буён ўқитувчи бирор масалани ижтимоий тармоққа олиб чиқиш учун аввал туман ҳокимлигига мурожаат қилиши, агар шунда ҳам унинг масаласи эътиборсиз қолдирилса, шундагина оммага олиб чиқиши билдириб ўтилган.

Top