Ўзбекистон | 14:53 / 29.09.2021
5575
3 дақиқада ўқилади

Карантин даврида давлат бюджетидан депутатларнинг 46та хизмат квартираси 1,2 млрд сўмга таъмирлангани маълум бўлди

2020 йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг хизмат квартираларини таъмирлаш учун 1,2 млрд сўм сарфланган, деб ёзмоқда Anhor.uz нашри.

Қайд этилишича, айни мақсад учун 2020 йилнинг 27 апрелида тузилган илк шартнома бўйича таъмирлаш ишлари 696 млн сўмга баҳоланган. 28 апрелдаги иккинчи шартнома бўйича бажариладиган ишлар миқдори 550 млн сўм қилиб кўрсатилган.

Биринчи шартномага мувофиқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги 4та, Миробод туманида жойлашган 21та квартира таъмирланган. Ҳужжатларда таъмирлаш ишлари 2020 йилнинг 15 майида якунига етгани қайд этилган. Квартиралар “Sarvar Komila sifat qurilish” МЧЖ томонидан таъмирланган. Юридик шахслар реестридаги маълумотларга кўра, ушбу компаниянинг асосий фаолият тури – бошқа пардоз ишлари. Устав жамғармаси – 463 миллион сўм, муассис – Каримов Бекзод Телманович (100 фоиз).

Иккинчи шартномада таъмирланиши керак бўлган квартиралар сони кўрсатилмаган. Бироқ ушбу хизмат хонадонлари Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Учтепа, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида жойлашгани қайд этилган. Шартномада олиниши кўзда тутилган ванна ва бошқа жиҳозлар сонидан таъмирланиши лозим бўлган квартиралар 21та бўлганини тахмин қилиш мумкин. 2020 йилнинг 20 майида тугалланиши белгиланган таъмирлаш ишлари билан “Buyuk quruvchi” МЧЖ шуғулланган. Ушбу корхона Тошкент вилоятида рўйхатга олинган бўлиб, асосий фаолият тури – турар жойлар қурилиши ҳисобланади. Расулбеков Равшан Шуҳратбекович томонидан таъсис этилган жамиятнинг устав жамғармаси 6 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳужжатларга кўра, депутатларга ваколат муддати давомида фойдаланиш учун берилган ушбу квартираларда шифтлар ва деворларни бўяш, металл эшиклар, эшик ва дераза блокларини ўрнатиш, полларни линолеум билан, деворларни керамик плита билан қоплаш, сантехника ва электр монтаж ишлари ва ҳоказолар амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, таъмирлаш ишлари амалга оширилган вақт – 2020 йилнинг апрель-май ойларида Ўзбекистонда кучайтирилган карантин режими жорий этилган, деярли барча давлат идоралари, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам бу пайтда онлайн режимда фаолият юритаётган эди.

Мавзуга оид