Ўзбекистон | 12:48 / 11.11.2021
5125
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими тизимида ноқонуний харажатларни амалга ошириш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларнинг “қизил” рўйхати шакллантирилади

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазирлигининг бюджет маблағларининг тўғри сарфланишига бағишланган ҳайъат йиғилишида Андижон вилояти ХТБ раҳбарига интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақида ХТВ ахборот хизмати хабар берди.

10 ноябрь куни Халқ таълими вазирлигида тизимига ажратилаётган бюджет маблағларининг тўғри сарфланишини ташкил қилиш ва хатоликларнинг олдини олиш масалалари тўғрисида навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тизимдаги молиявий хатоликлар, хусусан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ўтказилган назорат тадбири натижалари муҳокама қилинди.

Хабарда айтилишича, тизимда бюджет маблағларини сарфлашда хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қатъий чора кўриш юзасидан топшириқ берилди. Жумладан:

  • камчиликларга йўл қўйган ходимларга лавозимидан озод этишгача бўлган тегишли интизомий жазо чораларини қўллаш;
  • халқ таълими тизими бўйича, айниқса, Андижон шаҳар халқ таълими бўлимида масъул ходимларнинг алоқадорлиги ёки ҳаракатсизлиги юзасидан хизмат текширувини ўтказиш;
  • бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатларининг профилактикасини таъминлаш ва уларнинг олдини олиш йўналиши бўйича чораларни кучайтириш;
  • ноқонуний харажатларни амалга ошириш хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар бўйича алоҳида “қизил” рўйхатни шакллантириш ҳамда уларни доимий назорат ва кузатувга олиш юзасидан амалий ишларни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ҳайъат йиғилиши қарори билан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбарига тегишли интизомий жазо чораси қўлланилди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов вазирликка тегишли муассасаларда 9 ой давомида 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланганини айтган эди. Бунда энг катта камчиликлар Андижон вилоятига тўғри келиб, 4,5 млрд сўм ноқонуний тарзда иш ҳақи ҳисобидан солиқларни тўлашга йўналтирилган.

Маълумот учун, барча вазирлик ва идоралар ички аудит хизмати натижаларини ҳар чоракда бир марта эълон қилиши йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Олий таълим вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси томонидан тизимда 9 ойда 13,5 млрд сўмлик молиявий хатоликка йўл қўйилгани маълум қилинган эди.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид