18:30 / 30.09.2021
5618

Мақсуда Ворисова Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди

Фото: Халқ демократик партияси

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувда номзод Мақсуда Ворисова воҳалик сайловчиларни сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар билан таништирди. Дастурдан жой олган мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, маданият, қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат масалаларига доир устувор йўналишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Маърузада аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж билан боғлиқ ҳамёнбоп товар ва хизматлар, арзон уй-жой ва коммунал хизматлар билан таъминлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар учун имкониятлар кўламини кенгайтириш механизмларини такомиллаштириш, Мурувват ва Меҳрибонлик уйлари фаолиятини янада яхшилаш борасида таклифлар билдирилди.

Дастурда Сурхондарё вилоятини жадал ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурлар шакллантирилиши, маҳсулотларни тўлиқ қайта ишловчи корхоналар тизими яратилиб, пахта, ипак, жун, чарм ва зиғирдан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали қишлоқ туманларига саноат олиб кирилиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинганини таъкидлаб, Ўзбекистон Презедиенти сайловида Мақсуда Ворисова номзодини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати Ⓣ

Top