«Жанетт билан Самарқанддаги Регистон майдонининг қоқ марказида турдик. Бу ерда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва меъморчилигининг бойлиги ҳар кимга яққол намоён бўлади», — деди Рубио.

АҚШ давлат котиби Самарқанднинг Буюк ипак йўли давридаги ўрнига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, бу тарихий чорраҳада дипломатик, савдо ва маданий алоқалар туташган.

Рубио ана шундай заминда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари янги иқтисодий имкониятларни очиш ҳамда дипломатик муносабатларни мустаҳкамлашда давом этаётганини табиий ва мантиқий жараён сифатида баҳолади. У бу ҳамкорликни келажакни ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан боғлади.

Аввалроқ президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам Марко Рубио билан Регистон майдонида бўлганини маълум қилган эди. Унинг ёзишича, журналистлар билан мулоқотда давлат котиби Самарқанд кўп асрлар давомида халқаро савдо алоқаларининг муҳим маркази бўлиб келганини таъкидлаган.

Саида Мирзиёева Рубионинг Ўзбекистонга илк ташрифи айнан Самарқандда ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини қайд этган.