«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи 15–16 октябр кунлари мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев ҳамроҳлигида бўлиб ўтган.

Унда Larsen & Toubro вице-президенти Ражан Бансал, Adani Group’нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар бўйича махсус вакили Ананд Кумар ҳамда Reliance Industries’нинг халқаро алоқалар бўйича директори Маҳеш Кумар иштирок этган.

Ташриф 12 октябр куни президент раислигида Янги Тошкентга хорижий инвесторларни жалб қилиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган.

Янги Тошкент дирекцияси раҳбарияти меҳмонларга шаҳарни ривожлантириш режалари ва сармоя киритиш имкониятларини тақдим этган. Муҳокамаларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, марказлашган иссиқлик таъминотини йўлга қўйиш, турар жой ва нотурар жой мажмуалари, йирик тижорат объектлари ҳамда замонавий савдо-кўнгилочар марказлар қуриш масалалари кўриб чиқилган.

Тақдимотларда шаҳарсозликнинг замонавий тамойилларини қўллаш, илғор технологиялар ва халқаро тажрибани жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳиндистон компаниялари вакиллари лойиҳаларни батафсил ўрганиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўз таклифларини тайёрлаш ниятини билдирган. Томонлар музокараларни давом эттиришга келишиб олган.

Ташриф доирасида делегация президент раислигида ўтказилган Ёқилғи-энергетика тармоғи инвесторлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам қатнашган. Унда Reliance Industries вакили Маҳеш Кумар Ўзбекистонда қуёш электр станцияларини қуриш ва электр энергиясини сақлаш тизимларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.