АҚШ Афғонистондаги эҳтимолий таҳдидларга қарши туриш учун россияликларнинг Марказий Осиёдаги базаларидан фойдаланиш имкониятларини расмий Москва билан муҳокама этмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар берди.

Экспертларнинг ҳисоблашича, америкаликларга биринчи навбатда разведка маълумотлари керак бўлади / GETTY IMAGES

Нашр маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийларининг Марказий Осиёдаги Россия базаларидан фойдаланиш имкониятлари АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли ҳамда унинг ҳамкасби - Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов ўртасида Финляндияда ўтган юзма-юз учрашувда муҳокама қилинган.

Америка нашри хабарида Герасимов ҳамкасбига ҳеч қандай ваъда бермагани қайд этилган. Таъкидланишича, бу мавзу Жо Байден маъмурияти Афғонистондан қўшинларни тезлик билан олиб кетганидан сўнг, бу мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган террорчилик таҳдидларни кузатиш ва уларга жавоб қайтариш учун янги имкониятларни қидираётгани туфайли ўртага чиққан.

«АҚШ ва Россия терроризм хавфидан хавотирда бўлса-да, Россия билан терроризмга қарши курашиш ғояси, айниқса, сиёсий жиҳатдан, қийинчиликларга тўла», дейилади нашрда.

Россиянинг «Коммерсантъ» газетаси хабар беришича, Россия ва АҚШ президентларининг июнь ойидаги саммити чоғида Владимир Путин Жо Байденга Афғонистон борасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришни таклиф этган. Хусусан, у гўёки америкаликларга Тожикистон ва Қирғизистондаги рус ҳарбий базаларидан фойдаланиш таклифини билдирган.

Путин ва Байден музокаралар чоғида Афғонистон масаласини муҳокама қилгани ҳақидаги маълумотни саммит якунида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлаганди, лекин у учрашувда ҳарбий базалар мавзуси тилган олинган-олинмагани ҳақидаги саволга аниқлик киритмаганди.

Энди, WSJ материали эълон қилинганидан сўнг, Дмитрий Песков айтмоқдаки, «бу музокаралар [Путин ва Байденнинг] бўйича айтиш мумкин бўлган барча гап айтиб бўлинган». «Интерфакс» агентлигининг президентларнинг ёки бош штаблар бошлиқлари музокараларида ҳарбий базалар масаласи муҳокама қилинган-қилинмагани тўғрисидаги тўғридан тўғри саволига у жавоб бермади.

«Ассошиэйтед Пресс» агентлиги икки генералнинг 22 сентябрь кунги учрашуви тўғрисидаги хабарида Марк Миллининг сўзларини келтирган - америкалик ҳарбий учрашув «самарали» кечгани ҳақида айтган: «Бу самарали учрашув бўлди. Буюк давлатларнинг ҳарбий раҳбарлари мулоқот қилганда, дунё хавфсизроқ жойга айланади».