10:23 / 30.09.2021
5014

Ўзбекистонда криптовалюта билан боғлиқ норасмий платформалар фаоллашгани маълум қилинди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан интернет тармоғидаги ресурсларнинг мониторинги давомида крипто-активларни сотиш ва айирбошлаш билан боғлиқ ҳар хил турдаги норасмий платформалар фаолияти авж олгани маълум бўлди.

Фото: Reuters

Агентлик хабарига кўра, мазкур турдаги платформалар манзилларини бошқа давлатларда рўйхатдан ўткизиб, Ўзбекистонда серверлари ўрнатилмасдан, кўп ҳолатларда фуқароларнинг шахсий маълумотларини сўраб олган ҳолда, уларга крипто-активларни сотиш, сотиб олиш ёки айирбошлашни таклиф этмоқда.

Агентлик мазкур турдаги платформалардан мисол келтирган:

  • https://webmoneytashkent.com;
  • https://wmztashkent.com;
  • https://wm-torg.com;
  • https://uzwmz.com;
  • https://blockchainuz.com;
  • https://bitcointashkent.com.

“Шу билан бирга, ушбу турдаги фаолият “Телеграм” гуруҳ ва ботлари орқали ҳам амалга оширилиб, уларнинг ташкилотчилари тўлиқ аноним бўлиб, керак бўлганда ушбу гуруҳ ва ботларни дарҳол ўчиришлари мумкин”, дейилади маълумотда.

Агентлик бу турдаги платформалар ёрдамида крипто-активлар билан ўтказилаётган операциялар учун ҳеч қандай ҳуқуқий жавобгарликка тортиш имкони мавжуд эмаслиги ва улар ўтказилаётган битимлар қонунийлигини ҳамда фуқаролар шахсий маълумотлари сақланишини таъминланишига кафолат бера олмаслигини инобатга олиб, фуқароларни имкон қадар ҳушёрликка ва эҳтиёт бўлишга чақирган.

“Агар сизда Ўзбекистон ҳудудида шубҳали схемалар асосида крипто-активлар ёрдамида иш юритаётган айрим компаниялар ёки шахсларнинг фаолияти тўғрисида маълумот бўлса, қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришингизни сўраймиз.

Шунингдек, агар крипто-активларни ноқонуний мақсадларда ёки фирибгарлик учун ишлатаётган компаниялар ҳақида маълумот бўлса, агентликнинг fraud@napm.uz электрон манзилига тегишли маълумотларни юборишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги, жумладан крипто-активлар савдоси бўйича крипто-биржалар яратиш фаолияти лицензияланиши лозимлиги айтилган.

Top