18:46 / 01.10.2021
5491

Саакашвилининг Батумига келгани ҳақидаги хабарлар ортида у ерга зирҳли техника юборила бошланди  

Грузия ички ишлар вазирлиги Батумига зирҳли техника ва полиция махсус кучларини юбора бошлади. Бу ҳақда Odishinews нашри хабар берди. Таъкидланишича, бу Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украинадан Батумига келгани ҳақидаги хабарлар ортида юз бермоқда.

Фото: newsgeorgia.ge

Полициянинг “Кобра” зирҳли машиналари колоннаси Зугдиди шаҳридан Ажария регионининг пойтахти бўлган Батуми томон ҳаракатланаётгани кузатилган

Махсус кучлар эса шаҳарга ўзларининг шахсий машиналарида йўл олишган.

Аввалроқ Грузиянинг собиқ президенти, ҳозирда Украина ислоҳотлар миллий кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаётган Михаил Саакашвили Facebook’да 8 йиллик иммиграциядан кейин Грузияга келганини ва ҳозирда Батумида эканини маълум қилган. Сиёсатчи мамлакатда ўтадиган муниципал сайловлардан кейин 3 октябрда Тбилисида ўтадиган норозилик намойишларида иштирок этмоқчилигини қўшимча қилган.

Грузия ички ишлар вазирлигида Саакашвилининг республикада экани ҳақида маълумотга эга эмасликлари маълум қилинган.

Грузияда Саакашвили бир нечта жиноий иш бўйича айбдор деб топилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан жазо ҳукмига тортилган. Республика раҳбарияти сиёсатчи Грузияга қайтгудек бўлса, уни турма кутаётганини айтган. 

Аввалроқ Саакашвили Грузияни қутқариш учун ватанига қайтишини, шу сабабли 2 октябрга Тбилисига авиачипта сотиб олганини маълум қилганди. 

Top