Шарқий Ҳимолай тоғлари ва Осиёнинг жануби-шарқида табиати янги туғилган чақалоқдек сақланган бир давлат бор, у Бутан номи билан харитага кирган. Бутаннинг 1 миллионга ҳам етмайдиган аҳолиси тоғлар орасидаги 38 минг квадрат километрни ўзларига ватан қилган. Аксар йўллари ўнқир-чўнқир ва паст-баландликдан иборат бўлган бутанлик ҳайдовчилар йўлларда жуда секин ҳаракатланишади.

Шунинг учун ҳам аҳоли светофордан бутунлай воз кечган. Машина ва пиёдалар ҳаракатини махсус ходим назорат қилиб туради. Тҳимпҳу Осиёдаги светофори бўлмаган 2 пойтахтдан биридир. Бунга Шимолий Корея пойтахти Пхенянда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Расмий идорага миллий либосда бориш шарт

Бутан яқин-яқинларгача бутун дунё учун ёпиқ ҳудуд эди. Мамлакат 1971 йилда БМТга қўшилганидан кейин, ҳудудга сайёҳлар оқими бошланди. Табиий савол туғилади: нега Бутан узоқ йиллар ўзини дунё учун ёпиб яшаган?

Мамлакат аҳолиси буддизмга эътиқод қилади. Улар динлари, қадрият ва анъаналарининг бузилишидан қўрққани учун дунё билан алоқа қилишни исташмаган. Шу сабаб ҳам дунё тарихида телевизор энг охирида кириб борган давлат ҳам Бутандир. Улар телевизор бутанликлар ҳаётини ўзгартириб юборишидан ҳадиксираган.

Телевизорда кўрсатилган илк тасвир 1998 йилда Францияда ўтказилган футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлган.

Нима бўлганда ҳам бутанликлар миллий қадриятларини асрашга жон-жаҳди билан тиришади. Шу сабаб бутанликлар ҳукумат ёки бирор расмий идорага борганда миллий либосини кийиши шарт. Бунда эркаклардан гҳо, аёллардан кира деб номланган миллий либос талаб этилади.

Биринчи таклиф қилингандаёқ овқатланиш одобсизлик саналади

Бу халқ одатига кўра, биринчи марта овқат таклиф қилинганда, меҳмон рози бўлмаслиги керак. У «мешу-мешу» дея қўллари билан оғзини беркитиб олади. Мезбон 2-3 марта меҳмонни қайта овқат ейишга таклиф қилгандан кейин овқат учун розилик билдириш одоб саналади.

Яна бир қизиқ томони, Бутанда ҳамон матриархат давр ҳукмрон. Аёллар бизнес ва қишлоқ хўжалигини бошқаради. Мулкни мерос қолдириш ҳуқуқи ҳам уларда. Куёвлар оила қургандан кейин аёли уйига кўчиб ўтади.