13:11 / 03.10.2021
15356

Хитой армияси Тайванга бир кун ичида 39та ҳарбий самолёт юборди

2 октябрда Хитой ҳарбий-ҳаво кучлари Тайваннинг сув ҳудудига 39та ҳарбий самолётни жўнатди. Бу Хитойнинг 2 кун ичида Тайванга иккинчи марта бундай кўп самолёт юборишидир.

Фото: AP

1 октябрда ҳам Хитойнинг 38та ҳарбий самолётидан иборат авиация гуруҳи Тайваннинг сув ҳудуди устидан учиб ўтгани маълум қилинганди.

Тайван мудофаа бошқармаси маълумотларига кўра, навбатдаги операцияда кундузи 14та J-16 ва 4та Су-30 қирувчи ҳамда 2та Y-8 разведка самолёти, тунги вақтда эса 12та J-16, 6 та Су-30 ва битта радиолокацион аниқлаш ва бошқариш самолёти KJ-500 иштирок этган.

Тайван ҳарбий-ҳаво кучлари Хитой самолётлари ортидан кузатув олиб бориш учун 1 октябрдаги каби ўз авиация ва бошқа техникасини ишга солган.

Охирги вақтда Пекин Тайван бўғози ҳудудида борган сари кўпроқ ҳарбий хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хитой ва АҚШ муносабатларидаги зиддиятлар кучайгани ортида Хитой ҳарбий самолётларининг Тайван сув ҳудуди устидан парвозлари тез-тез юз бермоқда.

Тайван 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқариб келинади. Тинч океанидаги орол қитъадаги Хитойдан 150 км узоқликда жойлашган бўлиб, ундан Тайван бўғози ёрдамида ажралган. Бироқ Хитой Халқ Республикаси Тайванни ўзининг провинцияларидан бири деб ҳисоблайди.

Top