Kun.uz мухбирига кўра, тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳам сўз олиб, тез кунда жадидлар асос солган яна бир журнал «Муштум» ҳам қайта тикланаётганини маълум қилди.

«Ўзбекистон матбуоти» журналининг бугун қайта нашр этила бошлагани жуда яхши, лекин бизда яна бир журнал борки, у ҳам 2019 йилда иқтисодий қийинчиликлар сабаб ўз фаолиятини тугатишга мажбур бўлганди.

Биласиз, «Муштум»га жадидларимиз асос солган. Умуман олганда бу журнал биз учун бир қадрият ва уни йўқотиб юбориш катта хато бўлар эди.

Юзлаб танқидий мақолалар, фельетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда «Муштум»нинг асосий қуроли ҳисобланган. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар учун ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш журналнинг бош мезонидир.

Сизларга хурсандчилик билан айтмоқчиманки, бугун «Муштум» журналининг қайта тикланаётган илк сонини босмахонага топширдик. Насиб этса, яқин кунларда унинг ҳам тақдимотини ўтказамиз», – деди Ўсаров.

Олимжон Ўсаров
Фото: Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

Журналнинг қайси маблағлар ҳисобидан қайта тикланаётгани ҳақида ҳозирча маълумотлар очиқланмади.

Маълумот учун, 1923 йилдан нашр қилина бошлаган «Муштум» журналига тараққийпарвар, халқпарвар зиёлилар: Абдулла Қодирий ва Ғози Юнуслар асос солган.

Журнал номи Абдулла Қодирий таклифи билан шундай аталган. Унинг таъбирича, бу шунчаки муштум эмас, балки халқнинг адолат муштумидир, яъни мазлумларнинг зўровонларга, нопокларга, зулмкорларга, эксплуататорларга қарши муштуми ҳам бўлиши керак эди.

«Муштум»даги ўткир мақола, фельетон, ҳажвия ва карикатуралар қисқа вақт ичида жуда оммабоп бўлиб кетди. Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам журналга 10 дан ортиқ тахаллус билан кўплаб мақола, ҳажвия ва фельетонлар ёзган. Журналда халқимиз тараққиёти, маданияти, ривожи учун тўсиқ бўлган ҳар бир даврга хос камчилик ва нуқсонлар танқид қилинди.

Журнал уруш йилларида ўз этиборини халқимизнинг руҳини кўтарадиган сиёсий плакатлар, расмларга қаратди. Айниқса, 50–80 йиллар «Муштум» нинг энг ривожланган даврлари бўлган. Ундаги материаллар асосан қишлоқ хўжалиги, саноат, савдо, фан-техника ижтимоий ва маиший мавзудаги мақолалар, расмлар жуда машҳур бўлган.