11:24 / 08.10.2021
25151

Аукционда ютиб олинган Malibu 7 ойдан бери ғолиб номига расмийлаштириб берилмаган

Чилонзор тумани МИБ ходими Бахтиёр Абдусатторов 10 дан ортиқ тақиққа эга ва гаровда бўлган автомобилни аукционга чиқариб юборган. Машинани ўз номига ўтказа олмай сарсон бўлган оиланинг муаммоси Kun.uz суриштируви давомида ҳал бўлди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz’га мурожаат қилган аукцион ғолибининг айтишича, 240 миллион 936 минг сўмга тушган автомобилни ўз номига ўтказишмоқчи бўлганида “Малибу”да 10 дан ортиқ тақиқ борлиги маълум бўлган. Аукцион ғолиби ўз ҳисобидан автомобилнинг жами 4 миллион сўмдан ортиқ 10 турдаги жарималарнинг бир қисмини тўлаган ва айрим тақиқларни олиб ташлаган. Аммо, айни шу “Малибу” 2019 йил декабрь ойида Сирдарё вилоятидаги банкларнинг биридан олинган 7 миллиард сўм кредит учун гаровга қўйилган бўлган. Табиийки аукцион ғолибининг бу тақиқни ечишга “қурби етмаган”.

Жорий йилнинг 10 март куни автомобилни аукционга чиқарган Мажбурий ижро бюроси Чилонзор тумани бўлими ходимлари эса битта мулкни сотиш учун қўйилган 10 дан ортиқ (!) тақиқларнинг бирортасини кўрмаган ёки кўрмасликка олган. Шундан сўнг аукцион ғолиби А.Алишер ва унинг аёли Хоразмдан Тошкент шаҳрига келиб Чилонзор тумани МИБга боради. МИБ ходими Бахтиёр Абдусатторов эса бу МИБ ходимларининг хатоси билан чиқиб кетганини тан олади.

«МИБ ходимлари биз билан гаплашгиси ҳам келмади. Ҳа, энди бир хатолик бўлибди-да, деб қўйишди. Чилонзор тумани МИБ давлат ижрочиси Бахтиёр Абдусатторов мен ишдан бўшаб кетишим хам мумкин, кейин кимдан талаб қиласиз, деди. Менинг фикримча бу нарса атайин қилинганга ўхшайди, чунки бу ходимлар ҳуқуқшунос бўлса, қиладиган ишининг оқибатини билган. Бунда ташқари оддий фуқаролар гаровда турган мулк у ёқда турсин, жаримаси бўлса ҳам сота олмайди-ку, қандай қилиб МИБ ходими гаровда турган, 10 та жаримаси бор автотранспортни сотувга қўя олган?

Энди нима қилайлик десам, «билмадик, хоҳлаган жойингизга арз қилинг», дейишди. Шунча овора бўлдик, қаерга борсам ёки ариза ёзсам, хатолик ортидан аукционга қўйилган деган жавоб келади, лекин нима қилишимни айтишмайди,” – дейди аукцион ғолиби.

Kun.uz билан гаплашган «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК масъули марказ фаолиятини тартибга солувчи тегишли Низомга мувофиқ, марказ мол-мулк аукционга чиқарилишидан аввал текширмаслигини ва бундай ҳуқуқ уларда йўқ эканлигини билдирди.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу автомобиль фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2021 йил 6 январдаги ижро варақасига асосан кўздан кечирилиб, аукционга чиқарилган. Ғолиблик баённомасига асосан автомобил А.Алишерга жорий йил 16 март куни топширилган.

МИБ автотранспорт воситаларига нисбатан тегишли ваколатли органлар томонидан қўйилган тақиқ бюронинг маълумотлар базасида кўринишини, бироқ 3149-сонли президент қарорига асосан тасдиқланган Низомнинг 7-бандида мулкни аукционга чиқаришдаги мажбурий илова қилинадиган ҳужжатлар қаторида мулкда ваколатли органлар томонидан қўйилган тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ҳужжат илова қилиниши кўрсатилмаганини билдирди.

«Бундан ташқари, ушбу Низомнинг 52-банди аукцион натижалари ҳақидаги баённома мол-мулкни тақиқдан ечиш учун асос ҳисобланиши ёзилганини. Бундан келиб чиқиб, аукцион орқали сотилган автотранспорт воситасида тақиқ мавжудлиги аниқланган тақдирда, ғолиблик баённомасига асосан ушбу тақиқ уни қўйган ваколатли орган томонидан бекор қилиниши лозим. А.Алишер бу ҳолатда нотариусга ўз вақтида мурожаат қилиб, баённомани тақдим этмаган» – дейилади МИБ берган изоҳда.

«Бироқ, фуқаро А.Алишерга бир неча маротаба ёзма ва оғзаки тушунтиришлар берилиб, электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани нотариал идораларга олиб бориш тушунтирилган бўлишига қарамай, А.Алишер томонидан нотариал идораларга мурожаат қилмаганлиги, эътиборсизлиги сабабли, шу кунга қадар аукциондан сотиб олган автотранспорт воситасини ўз номига расмийлаштирмасдан келган.

Олиб борилган ўрганиш ишлари давомида, 7 октябрь куни Чилонзор туманидаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариал идораси орқали 10.03.2021 йил куни электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги ОА 1408-047636-сонли баённома нусхаси тақдим қилинган. Шундан сўнг, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар 6-сонли нотариал идорасининг 13.12.2019 йилдаги маъмурий жарима учун бўлган тақиқ бекор қилинган», – дейилади МИБ расмий жавобида.

МИБ шунингдек, Чилонзор туман бўлими давлат ижрочиси Бахтиёр Абдусатторов ва мулкнинг собиқ эгаси ўртасида ўзаро таниш-билишчилик алоқалари аниқланмаганини билдирди. Шу билан бир қаторда А.Алишер ва унинг яқинлари томонидан мурожаат қилинса, Бюронинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва бўлинмалари вазиятни ўрганиб, қонуний баҳо бериши маълум қилинди.

МИБ агар ташкилотнинг бирор ходими айби билан фуқарога зарар етказилса, тегишли орган ёки суд қарори билан айнан ўша ходим ҳисобидан қопланишини, ходимнинг ҳаракати ўрганилиб, тегишли жавобгарлик масаласи ҳал этилишини билдирди.

Кўриб турганингиздек, фуқаро деярли 7 ой аввал аукцион орқали ютиб олган ва ҳақини тўлаган автомобиль бугунга келибгина унинг номига тўлиқ ўтди. МИБ эса бундай ҳолатда фуқарога ҳеч қандай зарар етмаган деяпти. Бундан ташқари МИБ фуқарони огоҳлантирганини тасдиқловчи бирорта ҳужжат тақдим қилмади, фуқаролар эса бюро ходимлари уларни огоҳлантирганини рад қилмоқда.

Top