Эйнштейн хавотири инсоният тарихини ўзгартириб юборди

1930-йилларда Германияда Гитлер ҳукумати ўрнатилиб, яҳудий миллатидагиларни сиқувга олиш бошланади. Таъқибдан қочиб, кўпчилик яҳудийлар Америкадан бошпана сўраб келишга мажбур бўлган. Улар орасида отаси яҳудий бўлган Алберт Эйнштейн ҳам бор эди. Кимёдаги сўнгги тадқиқотлар асосида бомба ишлаб чиқиш дастурини илгари сурган Лео Силард ҳам муҳожирлар сафида эди. Германия режасидан хабардор икки олим немислар атом бомбаси пойгасида ғолиб бўлишни мақсад қилгани ҳақида Рузвелтни огоҳлантиришга қарор қилади. 1939 йил 2 августда президентга мактуб ёзилади. Хатни Рузвелтнинг норасмий маслаҳатчиси ва Wаll Street Journal иқтисодчиси Александр Сакс 11 октябрда Рузвелтга олиб киради. Унда Германия урандан фойдаланиб, занжирли реакциялар бўйича тадқиқот ўтказаётгани ҳақида ёзилганди. Тажриба шуни кўрсатадики, бу занжирли реакция билан катта қувват ишлаб чиқариш ва бу орқали ақл бовар қилмайдиган даражадаги кучли бомба ихтиро қилиш мумкин.

Ядровий қуролни ихтиро қилиш учун етарли маблағни топиш ҳақида ўйлаган Рузвелт дастлаб бирор қарорга келолмайди. Орадан 8 кун ўтиб, 19 октябрда Эйнштейнга жавоб хати ёзади ва уранни ўрганиш учун қўмита тузганини маълум қилади.
Иккинчи жаҳон урушини АҚШ фойдасига ҳал қилган лойиҳа
“Манҳеттен лойиҳаси” 1939 йилда АҚШ, Британия ва Канада ҳамкорлигида бошланади. Рузвелт дастлаб Уран устида иш олиб борувчи маслаҳат қўмитасини тузди. Олимлар ва ҳарбийлар жамоасидан иборат гуруҳга ураннинг ядровий қуролдаги аҳамиятини ўрганиш топширилади. Қўмита хулосасидан кейин, Рузвелт физик олимлар Энрико Ферми ва Лео Силардга радиоактив изатопларни ажратиш ва ядровий занжирлар реакциясини ўрганиш учун маблағ ажратади.

1942 йилда Нью-Йоркнинг Манҳеттен шаҳрида шу номдаги муҳандислик округи ташкил қилинади. Лойиҳани бошқариш АҚШ армияси полковниги Лесли Гровесга топширилади.
Физиклар Ферми ва Лео атомлар ажралиб кетадиган ва ўзаро таъсир қиладиган ядро занжири реакциялари бўйича тадқиқотлар олиб боришди. Натижада “Уран-235” ишлаб чиқариш учун муваффақиятга эришилди.




















