Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Инсон ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинсагина одамлар қонунни ҳурмат қилади” — Баҳром Абдуҳалимов
Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида жамиятнинг барча соҳаларидаги ижтимоий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга ҳаракат қилишини маълум қилган.
“Қонун устувор бўлган жойда адолат барқарор бўлади. Қонун мустаҳкам бўлган жойда кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотиржамлик, ҳаётимизда фаровонлик бўлади. Қонунлар адолатли бўлиб, инсон ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинса, шундагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади”, – дейилади “Адолат” партияси номзодининг дастурида.
Шунингдек, Баҳром Абдуҳалимов прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатишини ва уларнинг фаолиятидаги коррупцияга қарши курашишини айтган.
“Давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борамиз. Негаки, ҳақиқат ва адолат билан сиёсат юргизмаган ҳар қандай масъул ходим фуқароларнинг давлат сиёсатига муносабатини салбий томонга ўзгартириб юбориши мумкин”.
Дастурда адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш, халқнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириши назарда тутилган.
“Ноҳақликка йўл қўймаслик ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга – туман (шаҳар) даражасига тушириш, уларга “халқ судлари” мақомини бериш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Барча жазолар одил судлов органлари томонидан амалга оширилади. Ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаймиз. Фуқаролар суд органларини ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони деб билиши керак”, – дейилади сайловолди дастурда.
Абдуҳалимов адвокатларнинг нуфузи ва мақомини кўтариш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш ҳамда соҳада бир қанча ислоҳотлар ўтказишни ҳам ваъда қилмоқда.
“Бизнинг партия ижро билан боғлиқ барча ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига бериш тарафдори.
Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз”, – дейилади президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурида.
Аввалроқ, Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида олий таълим муассасаларидаги квоталарни бутунлай йўқ қилиш, уй-жойлар нархини кескин камайтириш, президент администрация ва ҳукумат биноларини Тошкентдан ташқарига чиқариш ҳамда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйилишига ваъда бергани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга оид
10:42 / 22.10.2025
«Адолат» партияси қоидабузар ҳайдовчилар учун қатъий жазо чораларини таклиф қилди
13:02 / 24.04.2025
Автомобилларнинг ноқонуний ижараси билан боғлиқ ҳолат бўйича депутат сўрови юборилди
16:40 / 23.11.2024
Пропан нархи кескин ошиб кетгани юзасидан масъул идораларга депутатлик сўрови юборилди
17:38 / 25.10.2024