Ўзбекистон | 11:43 / 12.10.2021
12652
2 дақиқада ўқилади

Саҳрода илм беллашуви: тақдирлаш Бўронтепада, пуллар дипломатда, Gentra'лар эгасини кутмоқда

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Бўронтепа яқинида барпо этилган «BUKHARA DESERT Oasis&SPA» экотуризм кластерида «Заковат» брейн-ринг интеллектуал ўйинининг республика гранд финал босқичи ўтказилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Вилоятларда ғолиб бўлган 13 жамоа ва энг яхши иккинчи ўринни қўлга киритган 3 жамоа плей-офф кўринишида қуръа ташлаб, жуфтликларга бўлинди. Ўтказилган ўйинлар якунида Навоий ва Хоразм жамоалари финалга етиб келишди. Ҳал қилувчи ўйин 12 октябр куни ўтказилади.

Яримфинал ўйинларидан кейин ўз вилоятларида ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларга совринларни топшириш маросими ўтказилди. Ўз вилоятида учинчи бўлган жамоалар 10 миллион сўмдан, иккинчи ўрин соҳиблари 20 миллион сўмдан, ҳудудий ғолиблар эса 100 миллион сўмдан мукофот пулларини қабул қилиб олишди.

Тақдирлаш маросими Бўронтепада ўтказилди. Пуллар уч хил рангдаги дипломатларда жамоа сардорларига топширилди. Мукофотларни Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов топширди.

Сўзга чиққан Алламжонов ёшларни илмнинг ўзига хос кичик тантанаси билан қутлади ва илм орқали ёшлар миллионер бўлаётгани бу борадаги катта қадамларга асос бўлишини таъкидлади.

Маълумот учун, Навоий ва Хоразм жамоалари ўртасидаги финал ўйини якунларига кўра ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзосига биттадан Gentra машинаси совға қилинади.

Ўткир Жалолхонов, Жаҳонгир Алибоев (фото) тайёрлади

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид