15:18 / 15.10.2021
15685

«Одил Жуниор» Ўзбекистон U-14 чемпионати ғолиби бўлди

Одил Аҳмедов асос солган «Одил Жуниор» жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Финалда чемпионга ютқазган Хоразм U-14 кумуш медаллар билан тақдирланди, Пахтакор U-14 учинчи ўрин учун кечган баҳсда Навбаҳор U-14 жамоасини мағлуб этди.

Фото: ПФЛ

Тошкентда 4-14 октябрь кунлари U-14 чемпионати бўлиб ўтди. Унда Суперлига ва Про-Лига қошидаги футбол академия ва мактаблари тарбияланувчилари иштирок этди.

19та жамоа («Арал» мусобақага келмаган) 5та гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақани бошлади. Гуруҳларда биринчи ўринни эгаллаган 5 жамоа ва энг яхши иккинчи ўрин вакилларидан 3таси кейинги босқичга ўтишди - «Насаф», «Андижон», «Одил Жуниор», «Пахтакор», «Хоразм», «Қизилқум», «Нурафшон» ва «Навбаҳор».

Чоракфиналда «Хоразм» «Андижон»ни (1:0), «Пахтакор» «Насаф»ни (4:1), «Навбаҳор» «Қизилқум»ни (1:0), «Одил Жуниор» «Нурафшон»ни (3:0) мағлуб этиб, яримфиналга ўтишди.

Яримфиналда «Хоразм» «Пахтакор»ни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратган бўлса (4:2), «Одил Жуниор» «Навбаҳор» дарвозасига жавобсиз 3та гол йўллади.

3-ўрин учун кечган баҳсда «Пахтакор» «Навбаҳор»га қарши ўйнаб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Финал учрашувида «Одил Жуниор» жамоаси «Хоразм»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 6:0.

Шу тариқа, 2017 йилда Одил Аҳмедов томонидан ташкил этилган футбол мактабининг яна бир собиқ футболчи Зайниддин Тожиев бош мураббийлигидаги жамоаси чемпионликни нишонлади.

«Одил Жуниор» ҳужумчиси Акмал Аҳматов 8 гол билан чемпионат тўпурари сифатида тақдирланди. «Пахтакор» сардори Фаррух Агаев чемпионатнинг энг яхши футболчиси деб топилди, мусобақанинг энг яхши дарвозабони ва энг яхши мураббийи учун совринлар «Хоразм» вакиллари Акбар Машарипов ҳамда Аброр Қиличевга топширилди.

Акмал Аҳматов
Фаррух Агаев
Акбар Машарипов
Аброр Қиличев

11 ноябрь куни ЎзПФЛ Ўзбекистон U-16 чемпионатига старт олади. 18 октябрь куни мусобақага қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. 

Top