GETTY IMAGES

АҚШнинг биринчи қора танли давлат котиби ва юқори мартабали ҳарбий офицер душанба куни 84 ёшида ковид асоратлари оқибатида оламдан ўтди.

«У коронавирусга қарши тўлиқ эмланганди. Биз Уолтер Рид номидаги Миллий тиббий марказ ходимларига даволанишда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз ажойиб шахс, севимли турмуш ўртоқ, ота, бува ҳамда буюк америкаликни йўқотдик», дейилади Пауэллар оиласи баёнотида.

Колин Пауэлл профессионал ҳарбий бўлган. 1960-йилларда армиядаги хизмат вақтида Вьетнам урушида қатнашиб, икки марта жароҳатланган. Бу тажриба унга кейинчалик ҳарбий ва сиёсий карьера қилишда қўл келади.

Вьетнам уруши ва карьеранинг бошланиши
Колин Лютер Пауэлл 1937 йил 5 апрелида Нью-Йоркда, Гарлем туманида ямайкалик иммигрантлар оиласида туғилган. У ўзи ҳақида ҳикоя қилишича, мактабда ўртамиёна ўқувчилардан бўлган ва мактабни тугатаётганида келажак учун ҳеч қандай катта режалари бўлмаган.

Пауэлл Вьетнам урушида икки бор жароҳат олган / POWELL FAMILY PHOTO

Нью-Йоркдаги Шаҳар коллежида геологияни ўрганиш чоғида у Захирадаги офицерларни тайёрлаш корпусига ёзилади - кўплаб олий таълим муассасаларида шундай бўлимлар бўлган. Бундай бўлимларнинг мақсади келажакда ҳарбий бошлиқлар чиқиши мумкин бўлган ёшларни аниқлаш ҳисобланган.

Пауэлл геологияни ўрганишда давом этади, аммо кейин корпусда тайёргарликдан ўтади. 1958 йилда, офицерларни тайёрлаш дастурини тамомлагач, ҳаракатдаги армия сафига ўтказилади. У Жоржия штатида ҳарбий тайёргарликни ўтайди, кейинроқ эслашича, бу ерда уни терисининг ранги туфайли бар ва ресторанларга киритишмаган.

1962 йилда Пауэл Вьетнамга йўл олади - ўшанда президент Кеннеди коммунистик Шимолга қарши жанг қилаётган маҳаллий армияга кўмак учун минглаб ҳарбий мутахассисларни юборганди. Бу сафар вақтида у "панжи" қопқонига (қазилган ўра ва унга қоқилган қозиқлар) тушиб қолиб, жароҳатланади. 1968 йилда Пауэлл Вьетнамга қайтади ва ўзи билан бирга учган уч нафар сафдошини қулаган ва ёна бошлаган вертолёт ичидан чиқариб олгач, жасорат ордени билан тақдирланади.

Пауэллга ҳарбий хизматчилардан бири томонидан ёзилган хатдаги айбловларни текшириш бўйича топшириқ берилади, хатда 1968 йил мартида Сонгмида юзлаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан аёллар ва болалар оммавий қотиллик қурбони бўлгани ҳақида ёзилганди.