Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасининг «Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси муҳокамага ташланди.
Гиёҳванд моддаларни сақлаш, тарғиб қилиш ва ўтказишга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган моддаларга қўшимчаларни назарда тутган қонун лойиҳаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган.
Қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексида қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
1. 127-модда (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш)нинг иккинчи қисми чиқариб ташланади.
Ушбу модданинг иккинчи қисми вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш учун жазони назарда тутган.
2. 273-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)нинг
3-қисми диспозициясининг «г» банди қуйидаги таҳрирдаги «г» ва «д» бандлар билан алмаштирилади:
г) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, талабалар ўқув, спорт ва жамоат тадбирларини ўтказадиган бошқа жойларда;
д) телекоммуникация тармоқларида, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса.
Шу модданинг 5-қисми диспозициясидаги «сотиш» деган сўз «ўтказиш» сўзи билан алмаштирилади.
3) 274-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш)да:
2-қисмининг диспозициясидаги «в» банди қуйидаги таҳрирдаги «в», «г», «д» ва «е» бандлар билан алмаштирилади:
в) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
д) вояга етмаган шахсга нисбатан;
е) телекоммуникация тармоқларида, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса.















