10 кун аввал Чехияда парламент сайловлари ўтказилди. Унда Земаннинг дўсти бўлмиш бош вазир Андрей Бабишнинг партияси мухолифатга имкониятни бой берганди. Эртасига мағлуб бўлган Бабиш билан кўришгач, Земаннинг саломатлиги ёмонлашиб, жонлантириш бўлимига тушиб қолганди. Шифокорларга унга қандай тахшис қўйилгани ҳақида маълумот бериш тақиқланган. ОАВда эса президент жигар циррозидан азият чекаётгани ёзилди. Президент вакиллари бу маълумотни рад этиб келишмоқда.
Душанба куни Чехия парламенти юқори палатаси спикери Милош Вистрчил президент ортиқ ўз вазифасини бажара олмаслигини маълум қилди. У Прагадаги ҳарбий госпитал бош шифокоридан олган маълумотларини айтган. Спикернинг сўзларига кўра, шифокор Земаннинг ҳолати мураккаблиги ва унинг ишга қайтиш эҳтимоли паст экани ҳақида гапирган.
Сешанба куни Чехия полицияси президент администрацияси раҳбарларига нисбатан суриштирув бошлади. Полиция президентнинг саломатлиги ҳақида маълумотларнинг тарқатилиши, ҳатто унинг касаллик тарихини ҳам суриштирмоқда. Айбловлар орасида саботаж варианти ҳам бор. Бу борада конкрет айблов ҳам илгари сурилган – мамлакат конституцион тузуми ва мудофаасига салбий таъсир кўрсатиш. Шунингдек, давлат органлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айбловлари ҳам илгари сурилган.
Земан 8 ноябрда ҳар икки палата депутатлари учрашуви ҳақида қарорга имзо чеккан. Полиция ўша имзо ҳам президентнинг атрофидаги кимдир томонидан сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини текширяпти.
Импичмент варианти
Чехия сенатининг конституцион комиссияси саломатлиги ёмонлашгани сабаб Земанни ваколатидан маҳрум қилиш жараёнини бошлашни таклиф қилган.
«Комиссия аъзолари президент Милош Земаннинг саломатлиги ҳақида Прага марказий ҳарбий госпитали томонидан юборилган ҳужжатларни диққат билан ўрганди. Унда президентнинг ҳолатини аниқлаш мураккаб даражада экани ва у ўз ваколатларини бажаришга қодир эмаслиги ёзилган. Шу сабаб комиссия мамлакат конституцияси 66-моддасини фаоллаштирган ҳолда президентни ваколатини вақтинча маҳрум қилишни таклиф қилади», дейди Чехия сенати конституцион комиссияси раҳбари Зденак Граба.
Чехия парламенти юқори палатаси спикери Вистричал ҳам шу фикрни айтди: «Афсуски, бизда бошқа вариант йўқ. 66-моддани қачон ва қай тартибда фаоллаштириш ҳақида ўйлашимиз керак».
Президент ваколатлари юқори ва қуйи палата вакиллари ўртасида овоз бериш жараёнида кўпроқ овоз берилган тақдирда бекор қилинади. Бундай ҳолатда президент ваколатлари қуйи палата спикери ва унинг танлови билан тайинланадиган бош вазирга ўтади.
















