16:08 / 26.10.2021
17039

Жанубий Кореянинг СССР билан дипломатик алоқа ўрнатган президенти вафот этди

Ро Дэ У 88 ёшида шифохонада оламдан ўтди. Унинг ўлимининг аниқ сабаби маълум қилинмаган.

Ро Дэ У ва Михаил Горбачёв (Фото: Yun Jai-Hyoung / AP)

Жанубий Корея Республикасининг собиқ президенти Ро Дэ У Сеулда вафот этди. Бу ҳақда унинг ёрдамчиларига асосланиб Yonhap агентлиги хабар берди. 

Собиқ президент яқинда соғлиғи ёмонлашгани сабабли касалхонага ётқизилган. Шифокорлар унга ёрдам бера олмади

У мамлакатни 1988 йилдан 1993 йилгача бошқарган. Унинг бошқаруви даврида Жанубий Корея собиқ совет иттифоқи билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

Ро Дэ У 1932 йилда туғилган, 1950-53 йилларда Корея урушида қатнашган, армия зобити бўлган. У мактабда ўқиган чоғида кейинчалик 1980-88 йилларда мамлакатга раҳбарлик қилган Чон Ду Хванг билан дўстлашган. Ро ва Чон 1955 йилда биргаликда Корея ҳарбий академиясини тамомлаган, 1979 йилда Ро Дэ У генерал мақомини олган.

1979 йил октябрида мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар ўтказган президент Пак Чон Хи ўлдирилади, декабрда Чон ва бошқа бир неча офицерлар давлат тўнтариши амалга оширишади. Ўша вақтда юқори мартабали қўмондон бўлган Ро унга ҳал қилувчи ёрдамни кўрсатади ва Чон Ду Ҳванг бошқарувидаги хунта аъзоси бўлади. Чон 1980 йил августида мамлакат президентига айланади.

1981 йилда Ро ҳарбий хизматдан истеъфога чиқади ва кейинроқ қатор вазирликларда раҳбар лавозимларини эгаллайди, жумладан сиёсий масалалар бўйича вазир (1981), спорт вазири (1982) ва ички ишлар вазири (1982) бўлади. 1983-86 йилларда Сеул олимпия ташкилий қўмитаси раҳбари сифатида у Жанубий Кореяни 1988 йилда Сеулда ўтказилган Ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлайди.

Ро Дэ У 1987 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонади (у кореяликларнинг демократик йўл билан сайланган илк президенти бўлган) ва 1988 йил 25 февралдан ўзининг беш йиллик муҳлати учун лавозимга киришади.

Президентлик даврида Ро Жанубий Корея сиёсатини демократизациялаштириш йўлидан боради. Унинг ҳукумати СССР ва Хитой билан дипломатик муносабатлар ўрнатади, мамлакат 1991 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сафига қабул қилинади ва ўша йили Шимолий Корея билан ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида битим имзоланади.

1993 йил февралида Ро Дэ У ўрнига президентликка Ким Ён Сам келади, кўп ўтмай у аксилкоррупция ислоҳотлари доирасида Ро ва Чонга қарши иш очтиради.

1993 йилда Ро Дэ У коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган, сўнгра 1980 йилги Кванжу намойишларини куч билан бостиришга боғлиқ ҳолда ватанга хиёнатда айбланган. 1996 йил август ойида Ро Дэ У 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, кейинроқ унинг жазо муддати 17 йилга қисқартирилади, 1998 йилда эса афв этилади.

Top