Жамият | 16:10 / 27.10.2021
3653
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими тизимида 9 ойда 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчилик аниқланган

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларда 9 ой давомида 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов маълум қилди.

Темур Комилов молиявий камчиликлар 2020 йилнинг шу даврига таққосланганда 2 бараварга камайганини таъкидлаган. 2020 йилда 143 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган эди.

“Аниқланган молиявий камчиликларнинг асосий қисми, яъни 62 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар билан боғлиқ. 76,5 млрд сўмдан 47 млрд сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларда хатоликка йўл қўйилган. 76,5 млрддан 16 млрд сўми — ўғрилик ва камомад билан боғлиқ хатоларда аниқланган.

38053 та ҳолатда иш ҳақи билан боғлиқ 31 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар амалга оширилган. Яъни иш ҳақидан тўланадиган солиқлар билан боғлиқ тўловларда хатоликларга йўл қўйилган. Бунда энг катта камчиликлар Андижон вилоятига тўғри келади. 4,5 млрд сўм ноқонуний тарзда иш ҳақи ҳисобидан солиқларни тўлашга йўналтирилган.

Бундан ташқари, 25 млрд сўм маблағ лавозим маоши бўйича белгиланган тўловларни нотўғри ҳисоблаш, яъни меҳнат таътилларини, тоифаларни нотўғри ҳисоблаш орқали ноқонуний харажатларга йўл қўйилган. Давлат харидлари қоидаларига риоя этмаслик оқибатида 14 млрд сўмлик молиявий хато аниқланган”, деди вазир ўринбосари.

Таркибида жиноят аломатлари бўлган 158 та 61,4 млрд сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Қайд этилишича, вазирлик ички аудит хизматининг 9 ойлик фаолияти давомида жами 194,7 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилди.

Барча вазирлик ва идоралар ички аудит хизмати натижаларини ҳар чоракда бир марта эълон қилиш йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Олий таълим вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси томонидан тизимда 9 ойда 13,5 млрд сўмлик молиявий хатоликка йўл қўйилгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид