Ўзбекистон | 07:49 / 29.10.2021
5221
3 дақиқада ўқилади

Бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, бепул ихтиёрий юридик ёрдам (pro bono) кўрсатганлик адвокатларнинг рейтингини тузишда, уларга малака даражалари берилишида инобатга олинади.

Фото: iStock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Бепул юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун муҳокамаси бошланди. Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган. 6 боб, 41 моддадан иборат қонун лойиҳасида асосий тушунчаларга шарҳлар келтириб ўтилган.

Улар:

бепул юридик ёрдам — ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги ҳужжатлар тузиш, судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, бепул кўрсатиладиган ҳуқуқий соҳада амалга ошириладиган ёрдам мажмуи;

бепул ихтиёрий юридик ёрдам (pro bono) — адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга бепул, беғараз ва ихтиёрийлик асосида кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам;

бирламчи бепул юридик ёрдам — ҳуқуқий масалалар юзасидан оғзаки, ёзма ва электрон шаклда маслаҳат, тушунтириш ва ахборот бериш орқали бепул кўрсатиладиган юридик ёрдам;

иккиламчи бепул юридик ёрдам — жисмоний шахсларга фуқаролик, маъмурий, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишлари бўйича адвокат иштирокини давлат ҳисобидан таъминлашга қаратилган бепул юридик ёрдам.

Лойиҳада адвокатлар адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган адвокатлик фаолиятининг исталган тури бўйича бепул, беғараз, ихтиёрийлик асосида юридик ёрдам кўрсатишга ҳақли эканлиги ҳақида сўз боради.

Бирламчи бепул юридик ёрдам Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек юридик шахсларга кўрсатилади.

Бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатганлик адвокатлар рейтингини тузишда, улар фаолиятини баҳолашда, адвокатларни давлат мукофотларига тавсия этишда, адвокатларга малака даражалари берилишида ва адвокатлар касбий малакасини оширишни ташкил этишда инобатга олинади.

Адлия вазирлиги ҳузурида Бепул юридик ёрдам маркази ташкил этилади. Марказ бепул юридик ёрдам маркази иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш функцияларига эга давлат органи сифатида таъсис этилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга беғараз бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш мақсадида юридик клиникалар ташкил этилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиши мумкин бўлади. ННТларда бирламчи бепул юридик ёрдам олий юридик маълумотга эга шахслар томонидан кўрсатилади.

Бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи ННТлар ва юридик клиникалар ўз мақсадларидан келиб чиқиб бепул юридик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифасини белгилаб олиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид