Фото: Дилдора Анварованинг шахсий архивидан

Мамлакат иқтисодиёти ва инвестиция жозибадорлигини ривожлантириш мақсадида қилинаётган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларини тақдим этиш орқали бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.

Иқтисодиётнинг миллий тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан имтиёз ва преференциялар беришдан кўзланган мақсад – соҳани ривожлантириш, рақобатбардошликни ошириш ҳамда тўлақонли соғлом рақобат муҳитида ишлашга тайёрлашдир.

Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялардан самарасиз фойдаланиш тармоқларнинг ривожланишига салбий таъсир қилиб, бозор монополлашувини рағбатлантириши мумкин.

Шунингдек, ўрганиш натижаларига кўра:

  • имтиёзлар ва преференциялардан солиқдан қочиш воситаси сифатида фойдаланиш оқибатида суиистеъмолликларга йўл қўйилаётгани;
  • хўжалик юритувчи субъектларга имтиёзлар тақдим этилишининг шаффоф механизмлари жорий этилмагани;
  • уларни тақдим этишдан кўзланган мақсадларга эришилганини баҳолаш ва фойдаланиш устидан тизимли мониторинг ўрнатилмагани;
  • муддатсиз имтиёзларни бериш ҳолатлари ортиб бораётгани;
  • имтиёз бериш шартлари ҳамда уни тугатиш ва бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги каби омиллар аниқланди.
Фото: iStock by Getty Images

1. Имтиёз ва преференциялар институти ҳуқуқий жиҳатдан етарли даражада қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган.

Бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона тўловларини тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш, тендер савдоларсиз харид қилиш, имтиёзли кредитлаш, айрим турдаги фаолият турларини имтиёзли равишда амалга ошириш ва бошқа турли эксклюзив ҳуқуқлар тақдим этилган. Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилаётган афзалликларнинг қайси тури имтиёз ҳисобланиши, имтиёзлар қанақа кўринишда бўлиши амалдаги қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб берилмаган.

Маълумот учун: Солиқ кодексининг 75-моддасига кўра, солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти