Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 462-сон қарори билан ҳукуматнинг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга мувофиқ, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади.
Белгиланган тартибга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги давлат ёрдамини бериш назарда тутилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Рақобат қўмитасига баҳолаш учун киритилади.
Шунингдек, улар билан бирга тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ) ҳисоботи ҳам тақдим этилади.
Давлат ёрдами қандай мақсадларда берилиши мумкин?
Низомда давлат ёрдамини бериш мумкин бўлган мақсадлар ҳам белгиланган.
Жумладан, давлат ёрдами республика ҳудудлари ёки алоҳида тармоқларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилиши мумкин.
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва республикада экологик ҳолатни яхшилаш каби мақсадлар учун ҳам давлат ёрдами кўрсатилиши мумкин.
Бунда ваколатли орган давлат ёрдамининг бозордаги рақобат муҳитига таъсирини баҳолайди.
Лойиҳалар 10 иш кунида кўриб чиқилади
Давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш ва тегишли хулоса олиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳамда ТСТБ ҳисоботи Рақобат қўмитаси томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Кўриб чиқиш натижаси бўйича ваколатли орган уч турдаги хулосадан бирини расмийлаштиради.
Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси мақсадга мувофиқ деб топилиши, уни қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатилиши ёки лойиҳа мақсадга мувофиқ эмас деб баҳоланиши мумкин.
Тегишли хулоса расмийлаштирилгандан сўнг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан ташкилотга тақдим этилади.
















