Бемор қизалоққа «укол» уй шароитида қилингани ва дори воситаси ҳеч қандай синамасиз (пробасиз) юборилгани маълум бўлди. Боланинг яқинлари у аввал ҳам шу препаратдан қабул қилгани ва ножўя ҳолат кузатилмаганини айтишди, аммо барибир «укол» қилишдек муҳим муолажа, бунинг устига ёш болага, шифокор назоратисиз ўтгани тўғри эмас.
Афсуски, бу каби ҳолатлар кам учрайди, деб бўлмайди. Дунёда анафилактик шок туфайли ҳар йили минглаб одам нобуд бўлади. Дори воситаларини қабул қилишда бизнинг муносабатимиз ҳам ҳавас қиларли эмас...
Анафилактик шок атамасини рус-француз олимлари Александр Безредка ва Шарль Рише муомалага киритган ҳамда бу ҳолатни батафсил ўрганганлари учун олимларга 1913 йилда физиология ва медицина йўналишида Нобель мукофоти берилган. Бугун дунё бўйлаб йилига ҳар 100 минг одамга тахминан 5 та анафилактик шок ҳолати тўғри келади. Бу кўрсаткич кескин ошган йиллар ҳам бўлган. 1980-йилларда ҳар 100 минг одамга 20 та, 1990-йилларда ҳатто 50 тагача ҳолат тўғри келган. Бу қадар кескин ўсиш сабаби сифатида асосан озиқ-овқат аллергияси кўрилади. Анафилактик шокка олиб келувчи аллергияга асосан аёллар ва ёш йигитлар мойил бўлади.
Ўтмишда анафилактик шокнинг асосий сабабчиси организмга табиий заҳарнинг (илон заҳри, заҳарли егулик) тушиши бўлган бўлса, бугунги кунга келиб дори воситаларидан кучли аллергик реакция тобора кўпроқ кузатилмоқда. Бу ҳам инсон организмининг кимёвий моддаларга ўзига хос жавоби билан изоҳланади. Дори воситалари туфайли келиб чиққан аллергия бу иккиламчи реакциядир. Яъни организм қачондир бу воситани «эслаб қолган» бўлади-да, унинг қайта қабул қилиниши тезкор ва жиддий реакцияга сабаб бўлади.
Аллергия ва унинг ортидан анафилактик шок ҳолатларининг эътиборга молик жиҳати шундаки, улар 10 ва ҳатто 20 фоизгача ҳолатларда ўлим билан якунланади!
Кескин аллергия чақирувчи дори воситалари орасида антибиотиклар ўзига хос етакчи. Бунда бир неча сониядан бошлаб бир неча соатгача вақт орасида белгилар юзага келиши мумкин. Беморнинг баданида кўкаришлар, шиллиқ қаватида қизаришлар, шишлар ва бўғилиш каби яққол белгилар пайдо бўлади. Беморнинг аҳволи шу қадар шиддат билан ёмонлашадики, кўп ҳолларда шифохонага етиб бормай ёки тез ёрдам келгунига қадар бир неча дақиқа ичида юраги уришдан тўхтаб қолиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам анафилактик шок юзага келиши бўйича жиддий хавф мавжуд ва деярли барча бу жараёнга алоқадор. Чунки жуда кўпчилик кимдандир эшитган дорисини дорихонадан ҳеч қандай рецептсиз сотиб олиши мумкин. Шприц, қўшимча эритмаларни олишда ҳам бирор муаммо йўқ. Энг қизиғи – ҳамманинг ҳамшира таниши ёки қўлидан инъекция қилиш келадиган қариндоши бор. Эски тажрибага кўра дори дарҳол тортилади ва беморга шартта укол қилиб юборилаверади.















