12:11 / 03.11.2021
5038

Тошкентда гиёҳванд моддалар сотилувчи интернет дўконлар реклама варақаларини тарқатган шахслар ушланди

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини тарқатишга қарши курашга йўналтирилган профилактик тадбирлар давомида Миробод тумани ИИО ФМБ ходимлари 26 ёшли фуқарони флаерлар тарқатаётганида қўлга олди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу шахсдан ашёвий далиллар сифатида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи интернет дўконларни реклама қилувчи 1093та флаерлар олиб қўйилган.

Қайд этилишича, суҳбат давомида фуқаро ўзи билан «Телеграм» орқали бошқа бир шахс боғланиб, флаерлар тарқатиш йўли билан даромад таклиф қилганини айтган. 

Жорий йил 29 октябр куни ушбу шахс қўлга олинган фуқарога 1750-1800та флаерлар берган. Флаерларнинг бир қисми Яшнобод ва Миробод туманларида тарқатилган.

Кейинчалик, терговолди текшируви давомида, 2003 йилда туғилган Ф.К. қўлга олинди. У жорий йил сентябр ойида махсус сайт орқали флаерлар тарқатиш билан боғлиқ иш топганини маълум қилган. Флаерларни у тайёр ҳолда Мирзо Улуғбек туманидаги босмахонадан олган. Тез орада босмахона ишчилари, 23 ёшли Р.Р. ва 36 ёшли Д.Х. қўлга олинган. Ашёвий далиллар сифатида 6000та тайёр флаерлар олиб қўйилган.

Мазкур факт асосида тўпланган ҳужжатлар Миробод тумани ИИО ФМБга йўналтирилди, дейилади маълумотда.

Top