Агентлик маълумотларига кўра, ушбу даврда 89 та йирик наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Улардан 1,4 тонна анъанавий ва 61,7 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 4,6 миллион дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилган.

Шунингдек, 15 та онлайн наркодўкон фаолияти тугатилган. Наркотиклар савдоси билан шуғулланган, жами 630 мингдан ортиқ обуначи ва аъзога эга 1 911 та интернет ресурси блокланган. Уларнинг 609 таси Telegram боти, 1 004 таси ёпиқ, 298 таси эса очиқ канал, гуруҳ ва чатлардан иборат.

Тезкор-профилактик тадбирлар натижасида 2 тонна 708 килограмм наркотик ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилиб, аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган. Шундан 2 тонна 398 килограммини наркотиклар, 310 килограммини кучли таъсир қилувчи моддалар ташкил этган. Бундан ташқари, 3 633 дона психотроп модда ноқонуний муомаладан олинган.

Синтетик наркотикларни тайёрлашда фойдаланиладиган 10,5 тонна прекурсор ҳам мусодара қилинган.

Саккиз ой давомида 18 та ғайриқонуний нарколаборатория аниқланган. Уларда сақланган жами 1 тонна 40 килограмм гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар ноқонуний муомаладан олинган.